1445 йил 26 Шаввол | 2024 йил 04 май, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:08
Sunrise
05:35
Dhuhr
12:34
Asr
17:29
Maghrib
19:32
Isha
21:00


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“Силаи-раҳм”га энг ҳақдор кишилар ким?

3-02-2023, 09:57 32 Ўқиш режими + -
Силаи раҳмга энг ҳақдор кишилар ота-она, ака-ука, опа-сингил каби қон-қариндошлардир. Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қариндошлик алоқаларини боғлашнинг фазилати ва уни узишнинг ёмонлиги ҳақида сўз юритилган. 
Маълумки, “силаи раҳм” арабча сўз бўлиб, “сила” – боғлаш, “раҳм” – қариндош (онанинг бачадонини ҳам раҳм, дейилади), яъни “қариндош уруғлик алоқаларини боғлаш” деган маънони билдиради.         
 Силаи раҳм қилиш – ўзгаларга нисбатан қариндошларига ғамхўр ва муҳаббатлироқ бўлиш, улардан хабардор бўлиб, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб туришдир.
Жумладан, қуйидаги оятда қариндошликни боғлайдиган кишилар мақталади: яъни: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси, 21-оят).
Аллоҳ таоло яхшиликларга буюради, ёмонликлардан қайтаради. Буюрилган яхшиликлар ичида муҳимларидан бири силаи раҳм қилишдир: яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур”. Ояти карималарда қариндош уруғлик алоқаларини узганларга қаттиқ таҳдид қилинади:
 яъни: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) «кар», кўзларини «кўр» қилиб қўйгандир” (Муҳаммад сураси, 22-23-оятлар).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу мавзу жуда муҳимлигини ҳадиси шарифлари таъкидлайдилар: яъни: “...ва ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлик алоқаларини боғласин...” (Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилишган).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга силаи-раҳм сабабли ризқнинг мўл-кўл бўлиши, умрнинг узоқ бўлишини уқтирадилар: яъни: “Ким ризқи кенг бўлиши, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим Анас ибн Моликдан ривоят қилишган).
Аллоҳ таолонинг изни билан силаи раҳм, уни боғлаганларни дуо, узганларни дуоибад қилиб туради. Оиша онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилади: яъни: “Раҳм (қариндошлик) Аршга осилиб: “Ким мени уласа, Аллоҳ уни уласин. Ким мени узса, Аллоҳ уни узсин”, дейди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Силаи раҳмни узиш гуноҳи кабиралардандир. Шуни билиб ҳам ҳеч бир сабаб ва шубҳасиз силаи раҳмни узишни ҳалол санаган, мумкин деб эътиқод қилган киши жаннатга кирмайди. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: яъни: “Кесувчи жаннатга кирмайди”. Суфён ўз ривоятида: “Қариндошликни узувчи назарда тутилган”, дейди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифларга кўра силаи-раҳм мусулмон кишига фарз бўлган амалдир. Агар ҳар биримиз силаи-раҳмга амал қилиб, қариндош уруғларимизнинг ҳолидан хабардор бўлсак, жамиятдаги жуда кўплаб муаммолар барҳам топади. Акс ҳолда дунёда ҳам охиратда ҳам кўп қийинчиликларга дуч келиниши мумкин, Аллоҳ сақласин. 
 
Китоб тумани Туябоши жоме масжиди имом-хатиби Алимов Мажид