Дарҳақиқат, халқимизнинг одат ва маросимларда муайян бир ғоялар, қарашлар ва маълум бир ахлоқий меъёрлар ўз ифодасини топади. Одат –маросимлар халқимиз урф-одатининг бир кўриниши бўлиб, улар фақат бир киши томонидан эмас, кўпчилик томонидан бажарилади. Ана шундай маросимлардан бири аза ва таъзия маросимлари ҳисобланади.
Аза бу – йўқотиш, айрилиқ маросимидир. Инсон хаётда яшар экан доимо туй ва аза, иссиқ ва cовук,очлик ва тўклик яхшилик ва ёмонлик каби синовлар қуршовида бўлади. Бу ҳақда “ Қуръони карим”да шундай дейилади: “ Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: “ Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собрларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга парвардигорлари томонидан саловот ва раҳмат бордур. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир”. ( Бақара сураси, 155-157-оятлар). Шундай синовлардан бири инсон атрофидаги кишиларнинг вафот этишидир. Бу вафот этиш ажралиш бўлиб, у инсон учун мусибатдир. Албатта, инсон мусибат етганда: “ Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” деб унга сабр килади. Мусибат етганда бақириб-чақириб йиғлаб, талвасага тушиб қолинмайди. Халқимизнинг мусибат етганда қуйидаги одоблари бор:
- Мусибат етган хонадон аҳлининг ғамгин бўлишлари;
- Мусибат етганда сабр қилиб: “ Инна лиллаҳи ва инна илайғи рожиъун” дейиш;
- Мусибат етган хонадон аҳли очиқ-сочиқ кийимда эмас, балки миллий ва диний урф-одатларимизга мос келадиган либосларни кийишлари;
- Мусибат етган хонадон аҳллари дод-фарёд қилиб, гўяндалик қилишдан тийилишлари;
- Мусибат етган хонадон аҳли ўйин-кулгу, ҳазил-мазах ҳатти-ҳаракатлардан сақланишлари;
- Мусибат етган хонадон аҳли уч кун азадор ҳолда бўлишлари;
- Мусибат етган хонадон аҳли марҳумнинг васияти, омонати, қарзини адо қилишлари;
- Мусибат етган хонадон асосан эътиборни марҳумни дафн қилиш ишларига қаратишлари лозим.
Мусибат етган хонадонга марҳумни дафн қилиш маросимига қатнашиш учун борилади. Зеро, инсоннинг инсондаги олтита қарзидан бири вафот этган кишининг дафн марсимига қатнашишдир. Дафн маросимида қатнашиб, марҳумнинг тобутини кўтариб, уни қабрга қўйишда қатнашиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир. Аза маросимида иштирок этаётган киши марҳум тобутини кўтариш тартибини билиши лозим. Марҳум тобутининг олд чап томони ўнг елкага қўйиб ўн қадам, кейин тобутнинг орқа чап томони ўнг елкага ўн қадам, сўнгра эса тобутнинг олд ўнг томони чап елкага қўйиб ўн қадам, кейин тобутнинг орқа ўнг томони чап елкага қўйиб ўн қадам, жами қирқ қадам кўтариш тобут кўтариш тартибидир. Марҳум тобути олдида ҳўл дарахт шохидан ҳасса қилиб олиб, бақириб-чақириб юришлик номақбул ( макруҳ)дир. Тобутнинг орқасидан маюс, ғамгин, кулмай гаплашмай қабристонга бориш яхши фазилат ҳисобланади. Марҳумнинг кабрига: “ Минҳа халақнакум ва фийҳа нуъийдукум ва минҳа нухрижукум торатан ухро” деб тупроқ ташланади. Марҳум ортидан халқнинг қилган дуоси марҳум учун мустажобдир.
Марҳум қабрга қўйгандан сўнг мусибат етган хонадон аҳлиларига таъзия билдирса, бўлади. « Таъзия» сўзи сабрга чақириш, юпатиш, каби маъноларни англатади. Таъзия бу-вафот этган кишининг аҳли оиласига яқинларига тасалли гапларни айтиш уларнинг қайғусига шериклик ҳамдардлик билдиришдир.
Марҳумнинг яқинига таъзия билдиришда: “ Нима бўлса, худонинг хоҳиши билан бўлади. Аллоҳ таоло ўтганларни раҳмат қилсин. Сизга сабр ва ажр берсин” каби тасалли сўзлар айтилади. Тазия марҳумнинг ҳамма яқинларига, каттаю -кичикларига билдирилади. Таъзия билдириш мусибатдор хонадонга ҳамдардлик бўлиши билан бирга катта савоб олинадиган амалдир. Ҳадисда: “Кимки мусибат етган кишига таъзия билдирса, унга ҳам мусибат аҳлига берилган савоб миқдорича савоб берилади» дейилади. Таъзия инсон дафн қилинган кундан бошлаб уч кундир. Ҳадисда:“ Ҳар бир киши вафот этган кишига уч кундан ортиқ мотам қилмасин.Фақат эри ўлган аёл тўрт ойу ўн кун мотам тутади”-дейилади. . Марҳумнинг жанозасига келолмай қолган кишилар шу уч кун ичида келиб таъзия билдириб кетадилар. Таъзия кунларида таъзия бир марта берилади, қайта-қайта таъзия билдириш ( макруҳ) маъқул эмас.Таъзия кунлари мусибат етган хонадонга қариндошлари, ҳамсоялари овқат қилиб ўтишлари фазилатдир.Ҳадисда: “Жаъфар оиласига таом қилиб киритинглар, чунки уларга кўнгилларига овқат қилишлик сиғмайдиган мусибат тушди”-дейилади. Таъзия кунлари кўчада йўловчиларнинг ҳаракатланишига ҳалақит бериб, у ерда ўриндиқлар қўйиб ўтирмасдан, марҳум хонадонида ўтириб таъзия олиш фазилатли ҳисобланади.
Таъзия билдиришда қуйидаги мақсадлар бор:
- Мусибатдорнинг мусибатини енгиллаштириш;
- Мусибатга бериладиган улкан савобни эслатиш;
- Мусибатдор кишига Аллоҳ таолонинг қазосига рози бўлишни эслатиш;
- Марҳум ҳақига дуо қилиш;
- Мусибатдорларни оғир пайтда қўллаб-қуватлаш;
- Мусибат пайтида ёддан кўтарилиши мумкин бўлган нарсаларни эсга солиш.
Таъзия билдиручи кишининг қуйидаги одоблари бор:
- Мусибат етган хонадонга ғамгин қиёфада бориш;
- Мусибат етган хонадонга оддийроқ, таъзия билдириш ҳолатига мос кийим кийиб бориш;
- Мусибат етган хонадонда хонадон мусибатига шерик бўлиб туриш;
- Мусибат етган хонадон аҳлига: “ Худо сизга сабр берсин, марҳумни мағфират қилсин” деган каби тасалли гапларни айтиб таъзия билдириш.
Таъзияга борувчи киши қуйидаги ҳолатлардан тийилмоғи лозим:
- Мусибат етган хонадонга жуда безаниб, очиқ-сочиқ бориш:
- Мусибат етган хонадонга хурсанд қиёфада ёки кулган ҳолда бориш;
- Мусибат етган хонадон аҳлига ҳазил қилиш;
- Мусибат етган хонадон аҳлига ноўрин ( масалан, эсиз, ёмон ўлди-да, беажал кетибди, уйи куйди, деган) гапларни айтиш;
- Мусибат етган хонадон аҳлини қойғусини зиёда қиладиган, сабрини тугатадиган гапларни гапириш;
- Мусибат етган хонадонда аҳлини тамашо қилгандек узоқ вақт уларнинг ҳатта-ҳаракатини кузатиш;
- Мусибат етган хонадонда узоқ вақт қолиш.
Мусибат етган хонадонга таъзия кунлари тугагандан сўнг “душанбалик, пайшанбалик, жума оқшоми ” деб одамларнинг тўпланиб бориши бидъат ишлардандир. Бу ишлар мусибатдаги хонадонни ортиқча ташвишга қўяди
Дарҳақиқат, аза маросимлари халқимиз урф-одатининг бир кўринишидир. Улардаги ғоя ва қарашлар, тартиб ва меъёрларни билиш жамият кишилари ўртасида ўз миллий қадриятларимизга бўлган муносабатни яхшилайди. Ҳар хил тушунмовчиликларни олдини олади. Жамият кишилар орасида инсонгарчилик, ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳамдардлик каби олий инсоний фазилатларни мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилади.
Р. Акбаров.