Иймон яланғочдир: унинг либоси тақво, зийнати – ҳаё, моли – иффатдир. Ваҳб ибн Мунаббаҳ.
Ҳаё иффатнинг асосларидандир. Иффат ва ҳаё йўқолмас бир ҳусн, ҳаёсиз юзнинг жонсиз жасад эканини унутмаслик ҳар бир одамнинг бурчи. Ҳаё дилни равшан қилдирган бир нурдирки, инсон ҳар вақт шу маънавий нурнинг зиёсига муҳтождир. Иффатнинг пардаси, виждоннинг ниқоби – ҳаёдир. Ҳаё пардаси ила ўралмиш инсонларнинг иффат пардасига йиртилмас.
Бу чодир шундай муборакдирки, анча-мунча хатоларни беркитиб йўқ қилур. Агар дурга садаф пардаю либос бўлмаса эди, сувга қўшилиб йўқ бўлиб кетмасмиди?
Ҳаёсизлик инсонга бало эшигини очади...
Дунёда шундай одамлар учрайдики, ҳаёнинг нима эканини яхши билади, аммо ҳаёсизликдан ўзини тиймайди. Ҳазрати шайх Абдуллоҳ Манозил (қ.с.) бундай кишилар ҳақида дедиларки: “Мен ул кишидан таажжуб этарманки, ҳаёдан сўз айтиб, ўзи Аллоҳ таолодан ҳаё қилмағай”.
Тилимизда “иффат”, “шарм”, “ҳаё”... каби атамалар бор. Бир қараганда булар маънодош сўзларга ўхшайди. Лекин ундай эмас. Ҳар бирининг ўзига хос маъноси мавжуд бўлгани ҳолда “уят” дейилмиш сўз тушунчасига боғланади. Масалан, “шарм” уятни англатади, “фалончи шарманда бўлди” деганимизда эл аро уятга қолди, деб тушунамиз.
Имом Мовардий иффат ва унинг турлари ҳақида жумладан, қуйидагиларни ёзади:
«Иффат, поклик ва сақланиш мурувватнинг шартларидандир. Иффат икки турли бўлади:
Биринчиси – ўзини ҳаром нарсалардан иффатда тутиш.
Иккинчиси – гуноҳлардан иффатда бўлиш.
Ҳаромлардан сақланиш ила бўладиган иффат ҳам иккига тақсимланади:
Биринчиси – фаржни ҳаромдан тийиш.[1]
“Иффат” атамасининг маъноси бир оз кенгроқ. Аҳли донишнинг баёнига кўра, иффат – поклик ва маъсумликни англатади. У комил инсон учун талаб этилувчи тўрт фазилатнинг учинчисидир, яъни ҳикмат, шижоат, иффат, адолат. “Иффат” дейилганда шаҳват, яъни лаззат ва манфаатга бўлган интилишнинг ақлга бўйсундирилиши тушунилади ва у етти нарсани ўз ичига олади.
- Ҳаё – уят ва енгилтаклик ҳисобланган ишлардан тийилиш.
- Ҳусн-и ибтидо – яхши хислатларни эгаллаш ва имкон борича ўз яқинларининг оғирини енгил қилишга ҳаракат қилиш.
- Сабр – нафсоний қувватларни жиловлаш.
- Қаноат – еб-ичмак ва кийинмакнинг борига рози бўлиб, имкон ва зарурат даражасидан ортиғини талаб қилмаслик.
- Виқор – талаб қилинган нарсаларга эришишга бўлган ишонч ва бу йўлга шошма-шошарлик қилмаслик. Виқор – вазминлик, улуғворлик, матонат. “Виқор шамъин ўчир” дейилганда мағрурликни емирмоқ назарда тутилади.
- Хайрият – маишатни ҳалол кечириш, молни яхшилик билан топиб, яхшиликка сарф қилиш. Хайрият – эзгулик демак.
- Саховат – ачинмасдан, қизғанмасдан, ҳаддан ошмасдан, молни керакли ўринларда ўзига, яқинларига ва муҳтожларга сарф қилиш малакаси.
Пайғамбаримиз ﷺ “Ҳаё иймон шохчаларидан биридир”, деганлар. Зийраклик билан кузатсак, ҳар бир одамда ўзига яраша уят бўлади. Ўғри ҳам, фоҳиша ҳам уятни ўзича тушунади. Лекин ҳаё фақат иймонли қалбда бўлади. Шуни фарқламоқ лозим. “Ақл ва ҳаё ажралмас дўстдир, - дейилади “Калила ва Димна” асарида. – Бири йўқолса, иккинчисини ҳам топиб бўлмайди”.
Зеро, уятдан қизарган юз қора қалбдан яхшироқдир. Шарму ҳаё ниқобидаги чеҳра қутида сақланган қимматбаҳо гавҳар кабидир.
Нилуфар Аҳадовна
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Зуҳд ва ҳаё китобидан)