Қуръони карим пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассалламга Аллоҳ таборак ва таоло томонидан ато этилган мўъжизаларнинг энг буюги бўлиши билан бирга, уни ўқиб, сўнгра уқиб, унга амал қилганларни икки дунё саодатига етакловчи манбадир. Қуръони каримнинг фазли, фазилати, уни ўқиш, унга амал қилиш борасида ҳадисларда ва ислом умматининг таниқли зотлари кўпгина намунали гапларни айтишган.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам: “Қуръони каримнинг бошқа сўзлардан афзаллиги худди Аллоҳ таолонинг Ўз махлуқотидан устунлиги кабидир”. Мана шу ҳадис Қуръони каримнинг фазилатини англашлик учун, буюк неъматлигини тушуниш учун етарлидир.
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: “Дарҳақиқат, қалблар ҳам темир занглаганидек занглаб қолади”, сўрадилар: - Эй Аллоҳнинг Расули, унинг кетказувчиси нима? “Қуръон тиловати ва ўлимни эслаш”- деб марҳамат қилдилар.
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтадилар:“Қуръондаги ҳар бир оят жаннатда бир даража ва хонадонингизда чироқ бўлади”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қуръон тиловат қилинган хонадон аҳли учун кенг бўлиб, хайриётлар кўпайиб, фаришталар у ерда ҳозир бўладилар ва шайтонлар у ердан чиқиб кетадилар. Аллоҳнинг китоби тиловат қилинмайдиган хонадон эса аҳли учун тор, хайриётсиз, фаришталар ундан чиқиб кетиб, шайтонлар эса ҳозир бўладиган макон бўлади”.
Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Уч нарса хотирани зиёда қилиб, балғамни кетказади: мисвок, рўза ва Қуръони каримни ўқиш”.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Ким Қуръон ўрганган бўлса ва ўзидан бошқа кишига унга берилган Қуръондан ҳам афзалроқ нарса берилган, деб билса, кичик нарсани улуғ санаган ва улуғ нарсани кичик санаган бўлади», деганлар.
Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ким Қуръонни ёд олса, ҳурмати ошади, ҳадис ёзган кишининг ҳужжати қувватли бўлади, фиқҳни ўрганган кишининг қадри улуғ бўлади, наҳв илмини ўрганган кишининг таъби нозик бўлади ва ким ўз нафсини ҳимоя қилмаса, илм уни ҳимоя қилмайди», деганлар.
Али Уздий айтади: «Мен жиҳод қилмоқчи бўлгандим, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Мен сени жиҳоддан ҳам яхшироқ ишга ундаб қўяйми? Сен ҳозир масжидга борасан ва у ерда Қуръон ўргатасан ва фиқҳни ўрганасан», дедилар».
Абдулҳамид ибн Абдурраҳмон Ҳимоний айтади: «Мен Суфён Саврийдан «Сиз учун ғазот қиладиган киши яхшими ёки Қуръон ўргатадиган кишими?» деб сўраган эдим, у киши: «Қуръон ўргатадиган киши», дедилар. Чунки Набий алайҳиссалом: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръон ўрганган ва уни ўргатган кишидир», деганлар».
Хулоса шуки, Қуръони карим борасида бу каби намунали сўзларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Бироқ юқорида зикр қилинганлари билан кифояланамиз. Мақсад кўп билишда эмас, балки билган нарсасига амал қилишда эканлигини асло унутмаслигимиз керак.
Л. Олимов,
“Хожа Бухорий” жомеъ масжиди имом хатиби