Дарҳақиқат, Шайтон инсоннинг очиқ душманларидан биридир. У ўз уруғини одам боласининг бармоқ учи ва тирноқлари орасига қўяди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Тирноқларингни олиб юринглар, Шайтон бармоқ учи ва тирноқларинг орасига ўз уруғини қўяди” ( Имом Бухорий ривояти) деганлар. Шайтоннинг уруғи бу тирноқ учидаги қорайиб турган кирлардир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шайтон уруғи деб, ҳозирги медицина тили билан айтганда, зарарли вирус,бактерияларни айтганлар. Тирноқ олишимиз билан соғлигимиз учун зарарли бактериялардан қутиламиз. Шу сабабли ислом дини тирноқларини олиб юришга тарғиб қилади. Ислом динида тирноқ олиш суннат амаллардан ҳисобланади.Олган тирноқларимизни йиғиб ерга кўмишимиз ҳам лозим Тирноқ ва соч толаларини ерга кўмиш фазилатли амал ҳисобланади. Бу ҳақда Имом Аъзам (р.а.) шундай ҳикоя қиладилар: “Макканинг йўлида соч оладиган сартарош мендан учта хато топди. Хатолардан бири соч олдиришда юзимни қиблага қараб турмаганим, иккинчиси эса соч олдирарда ўнг томонимни тутмаганим ва учинчиси эса сочимни олинганларини ерга кўмишга ҳаракат қилмай кетаётганим бўлди”. Соч ва тирноқларни ерга кўмиш ҳақида ота-боболаримизнинг қадимий китоби “Чор китоб”да шундай дейилади:“ Олинган тирноқ ва қирқилган соч ва ҳайз хирқаси ва тушган тиш ва фасод қони ва шунга ўхшаганлар одам аъзосининг жузъий қисмлари бўлгани учун ( кўмилмоғи) дафн қилинмоғи талаб этилур. Бу ҳақда “ Чор китоб” да шундай шеър берилади:
Етти нарса бордур инсон танида,
Расулдан меросдур уларни кўммоқ.
Гўдак туғилганда ўралган парда,
Ул неки хатна зиёда ҳар чоқ.
Нифосдан ул лаҳза ҳайз ҳирқаси,
Сочу тиш, тирноғу қонгача мутлоқ”.
Қўл тирноқларини ҳар ҳафтада олинса, оёқ тирноқлари эса 12-15 кунларда олинади.Тирноқларни олиб юриш инсон поклиги ва соғлиги учун фойдали ишлардан ҳисобланади.
Руҳиддин Акбаров
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими