Инсоният яратилганидан бери Аллоҳ таоло уларга кетма-кет пайғамбарлар жўнатиб, илоҳий китоблар нозил қилиб турган. Жумладан, Ислом умматига ҳидоят қилиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга охирги китоби Қуръони каримни нозил қилди.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг умматларига муҳим васиятларидан бири –Қуръони карим ва ҳадиси шарифни маҳкам тутиш эди. Мусулмон киши нима савоб, нима гуноҳ, нима яхши, нима ёмонлигини мана шу икки мезон асосида аниқлаб, ҳаётига татбиқ қилади. Қуръони каримда мусулмон ҳаётида доимий қоидаларга айланадиган кўрсатмалар бисёр. Масалан, ишонч, ростгўйлик, омонатдорлик, ҳалоллик, хушмуомалалик, дўстлик, парҳезкорлик ва ҳоказо... Буларнинг зидди бўлган алдов, ёлғончилик, хиёнат, қўполлик, душманлик, исрофгарчилик кабилардан узоқда бўлишга чақирилади. Ислом оламида минг йиллардан бери қоида бўлиб келаётган яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш, ёмонлик ва гуноҳда бир-бирига ёрдам бермаслик ҳам Исломнинг асосий ғояларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони карим Моида сураси 2-оятда шундай марҳамат қилади: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” .
Демак, шариатимизда буюрилган амалларни бажариш ва қайтарилган ишларни тарк қилиш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишимиз ҳамда гуноҳ ва адоватга сабаб бўладиган ишларда бошқаларга ёрдам бермасдан, балки уни тўғри йўлга бошлашимиз – динимиз талабидир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай дейдилар: “Биродарингизга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам беринг”. Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мазлум бўлсаку, ёрдам бераман, лекин қандай қилиб золим бўлса ҳам ёрдам бераман?”, – деб сўради. Айтдилар: “Уни зулмдан тўсасиз – мана шу унга ёрдам қилишдир” (Муттафақун алайҳ).
Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Яхшиликка йўлловчи киши ўша яхшиликни қилувчи кабидир” (Имом Термизий ривоятлари).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бировнинг омонатини сақлаб, сўралган вақтда адо қилган, яхшиликка вакил қилинган кишига ҳам ўша яхшиликни қилган кишидек савоб бўлишини баён қилиб шундай дейдилар: “Буюрилган нарсани бажарувчи ишончли мусулмон хазинабон омонатни буюрилган жойга тўла-тўкис ҳолда чин кўнгилдан топширса, садақа қилувчилардан бирига айланади” (Муттафақун алайҳ).
Динимиз киши ўз зиммасидаги ҳақлар ва масъулиятларни ҳеч нуқсонсиз тўлиқ бажаришга тарғиб қилади. Ихлосли, омонатдор, вазифадор киши мусулмонларнинг молини уларнинг манфаатлари йўлида тўғри сарфласа, худди ўз молидан сарфлаган кишидек ажрга эга бўлади.
Яхшиликка ёрдам беришнинг зидди – ёмонликда ҳамкорлик қилишдир. Ёмонлик ва гуноҳга ёрдам берган киши ўша ёмонликни қилган киши каби гуноҳкор бўлади.
Ёмонликка ёрдам бериш уни тасдиқлаш ва рози бўлиш билан ҳам бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда жамиятимизда учраб турадиган уюшган жиноятчилик, оммавий муштлашишлар ва жанжаллар – гуноҳда ҳамкорлик қилишнинг бир кўринишидир. Мусулмон киши бундай ишларга гувоҳ бўлиб қолганда, унга қўшилиб кетмасдан, ўртани ислоҳ қилишга киришиши керак. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай дейдилар: “Агар осмон ва ер аҳлининг барчаси бир мўминнинг қонини тўкишда иштирок қилсалар, Аллоҳ таоло уларни дўзахга юзтубан йиқитган бўлар эди” (Имом Термизий ривоятлари).
Шунинг учун Ислом умматининг ўзига хос хусусияти – ёмонликни кўрганда, ундан қайтаришдир! Аллоҳ таоло Оли Имрон сураси 110-оят шундай марҳамат қилади: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” .
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи ҳақда собит қилсин ва эл-юрт манфаати йўлида қўлни-қўлга бериб, имконимиз доирасидаги яхши ишларни амалга ошириб, икки дунё яхшилигига эришишимизни, халқимизга муносиб, одил, доно ва ғамхўр раҳбарни сайлашимизни насиб айласин! Омин!
С.Жаҳонов Хожа Бухорий ислом билим юрти ўқитувчиси