Диний бағрикенглик жамиятда хилма-хиллик ва плюрализм[1]га йўл очгани учун муҳим. Бу турли динларга мансуб кишиларга биргаликда яшаш ва ишлаш, фикр ва қарашлар алмашиш, бир-биридан ўрганиш имконини беради. Диний бағрикенглик бўлмаса, жамият диний йўналишлар бўйича бўлиниб кетади, ҳар бир гуруҳ бошқаларга ҳукмронлик қилишга ва бостиришга интилади.
Диний бағрикенглик - бу бошқаларнинг эътиқодлари ва амалиётларини, гарчи улар ўзиникидан фарқ қилса ҳам, қабул қилиш ва ҳурмат қилиш қобилиятидир. Бу одамлар таъқиб ва камситишлардан қўрқмасдан ўз эътиқодларига эга бўлиш ва ўз динига эътиқод қилиш ҳуқуқига эга эканлигини тан олишни ўз ичига олади. Бу одамлар бошқаларнинг эътиқодларига рози бўлишлари ёки уларни маъқуллашлари керак дегани эмас, аксинча улар эътиқодлари ўзларидан фарқли бўлганлар билан тинч-тотув яшашга тайёр бўлишлари лозим.
Дин мураккаб ва кўп қиррали ҳодиса бўлиб, инсоният тарихи ва маданиятини шакллантиришда катта рол ўйнайди. Дин тарих давомида кўп одамлар учун тасалли ва йўл-йўриқ манбаи бўлган, лекин айни пайтда низолар ва бўлинишларга сабаб бўлган. Дин билан боғлиқ энг долзарб масалалардан бири бу диний бағрикенглик бўлиб, у алоҳида шахслар, гуруҳлар ҳамда бошқаларнинг эътиқодлари ва амалиётларини, гарчи улар ўзлариникидан фарқ қилса ҳам, қабул қилиш ва ҳурмат қилиш қобилиятини англатади.
Бағрикенглик турли миллат ва элатларга дахлдор кишиларнинг, турли хил диндаги эътиқодли инсонларнинг бир замин, ягона Ватан, бир юртда, бир ҳудудда олийжаноб ғоя, орзу-умид, мақсад ва ниятлар йўлида ҳамкор, ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни англатади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев халқимизнинг дунёқарашида тобора чуқур ва мустаҳкам ўрин эгаллаётган бағрикенглик тамойили тўғрисида шундай дейди: “Бизнинг қадимий ва саҳоватли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади”. Ўзбекистоннинг келажаги тинчлик ва бағрикенглик, маданиятлараро уйғунлик ва миллатлараро тотувлик каби омиллар билан чамбарчас боғлиқдир. Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўзлигини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Халқимизга хос бағрикенглик ҳам ўзининг қадимий илдизларига эга. Яхши биламизки, Ватанимиз қитъалараро маданий-тижорий алоқаларни яхшилашга хизмат қилган Буюк Ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган. Бу ерда турли халқларнинг миллий анъана ва урф-одатлари ўзаро уйғунликда ривожланган. Демак, ўзбекона бағрикенглигимизнинг илдизлари жуда қадим замонларга бориб тақалади ва бу борада биз ҳамиша жаҳон аҳлига намуна бўлиб келганмиз.
Тарихдан маълумки, Бобур ва унинг авлодлари Ҳиндистонда уч юз йилдан ортиқроқ ҳукмронлик қилишининг асосий сабабларидан бир ҳам диний бағрикенглик эди. Бобурийлар сулоласидан ҳеч ким маҳаллий аҳоли вакилларининг дини ва мазҳабларига тазйиқ ўтказмаган. Диний ибодат ва маросимларга таъсир ўтказилганда ҳам ниҳоятда эҳтиёткорлик ва аҳоли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилган.
Турли динларга эътиқод қилувчиларнинг бир жамиятда диний бағрикенглик, динлараро ўзаро ҳамкорлик тамойиллари асосида, тинч-тотув ва тенг ҳуқуқли тарзда ҳаёт кечиришлари аввало шу жамият гултожи бўлган инсонларга бевосита боғлиқдир.
Шундай экан, ҳар биримиз жамиятдаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатларни қарор топтиришда, аждодлардан мерос миллий ва умумбашарий қадриятларимизни давом эттиришда ўз ҳиссамизни қўшайлик. Зеро, Ислом дини ва унинг муқаддас китоби Қурони Карим инсонни ҳеч қачон ёмонлик томон бошламайди, аксинча яхшилик сари етаклайди. Алимардон Кароматов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти 2-курс талабаси
[1]ПЛЮРАЛИЗМ (лот. pluralis — кўплик) — 1) борлиқнинг бир неча (ёки кўплаб) мустақил ибтидоси ёки билимнинг бир қанча асоси мавжуд деб ҳисобловчи фалсафий қараш. Шу билан бирга, манфаатлар, ғоялар, қарашларнинг ҳам кўплигини билдиради.
2)
жамият сиёсий тизимининг хусусияти. Бунда ижтимоий гурухлар ўз манфаатларини ўз вакиллари (сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, диний ва б. ташкилотлар) орқали ифодалаш учун ташкилий тартиб-қоида тусини олган имкониятларга эга бўладилар. Жамиятни демократиялаш жараёнида шаклланиб, ривожланади: у ижтимоий гурухларнинг турли-туман манфаатларини акс эттирувчи ҳар хил қарашлар мавжудлигини англатади.