1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Хусумат ҳеч кимга манфаат келтирмайди

23-02-2023, 09:47 308 Ўқиш режими + -
Хусумат қилиш инсонга ҳеч қачон манфаат келтирмайди. У инсон учун икки дунёлик зарардир. Аллоҳ таоло инсонлар орасидаги ўзаро хусуматдан тийилишга буюриб: “  Ўзаро низо қилманг,  у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч қувватингиз кетади” дейди. ( Анфол сураси, 46-оят).
                  Донишмандлар хусуматнинг асосий сабабларини қуйидагича баён қилишади:
  1. Мағрурланиш, мутакаббирлик, манманлик;
  2. Ўзини билағон эканлигини одамларга кўрсатиб қўйиш;
  3. Ўзгалар айб-нуқсонларини кўрсатиш билан уларга озор бериш, тажовуз қилиш.
Инсон кун давомида турли инсонлар билан учрашади, улар билан суҳбатлашади. Яхши инсонлар ўз суҳбатдошлари, суҳбатлашиш шароитлари қандай бўлишидан қатъий назар, хусуматдан узоқ бўладилар. Масалан, бугунги об-ҳаво, нарх-наво ҳақида тортишиб вақтларини беҳуда ўтказмайдилар. 
Айрим кишилар бировларнинг ишидан хато, камчилик қидириш билан овора бўладилар. Бировларнинг ишига пастга урадилар, уларнинг ишига кўнгил қоралик билан   қарашади. Бировнинг айб-камчиликларидан, унинг ғам-ғуссасидан хурсанд бўладиган кишини  ичи қора киши дейилади. Кўнгли қора кишининг иши ҳам қора бўлади. Мана шу қора қилмишлари билан бошқа кишиларни айбларини фош қилиб, уларни камчиликларини бутун оммага фош қиладилар. Инсонлар бировнинг айбини билса, уни барча кишиларга ошкор қилмасдан ётиғи билан у кишига тушунтириш керак. Иш бор жойда камчилик бўлади. Ҳеч иш қилмайдиган киши хато қилмаслиги мумкин. Бирор кишини айбини топиб, уни хусуматга айлантириш нодон кишиларнинг ишидир. Бировнинг айбини топиш билан шуғулланишдан кўра, ўз айби билан шуғулланган яхшидир.  Ҳадисда ҳам:“ Бошқа кишиларни айбини қидиришдан кўра ўз айбини билан шуғулланган киши қандай яхши” ( Имом Бухорий ривояти) дейилади. Имкони бўлса, одамларнинг айб-камчиликларини беркитиш яхши фазилат ҳисобланади.  Ҳозирги пайтда айрим кишилар бировнинг озгина камчилигини топсалар уни баралла бутун оммага ошкор қилишни, бу қилган ишларидан мақтаниб юришни яхши кўрадилар. 
Бўлар-бўлмасга талашиб-тортишиш яхши инсоннинг ҳолдан тойдирувчи,  Шайтоннинг васвасадир.  Хусумат бефойда нарсанинг кетидан қувишдир. Инсоннинг виждони  хусуматга йўл бермасада, унинг нафси шундай қилишга чорлайди. Яхши инсонлар ўз виждонларига қулоқ солиб, беҳуда баҳсга тортадиган сабабларга яқинлашмасликка ҳаракат қиладилар. Хусуматдан ғафлатда қолиб баҳс боғлаш, унча аҳамиятли бўлмаган масала хусусида тортишиш ҳолати юзага келса, дарров диққатларини тўғрилаб, хатоларини тузатишга ҳаракат қиладилар. Ақлли кишилар жоҳил кишилардан фарқли ўлароқ бир-бирлари билан баҳс қилган пайтларида маънавий манфаат топадилар.  Илмларини зиёда қиладилар, билмаган нарсаларини ўрганадилар. Ақлли кишилар бирор масалада баҳслашадиган бўлсалар, ўз устунликлариникўрсатиш учун эмас, балки босиқлик билан масаланинг чин моҳиятини топишга ҳаракат қиладилар.
          Яхши инсонлар ўзларига қилинган ҳақсизлик учун тортишмайдилар, ғазабланмайдилар. Аксинча,  вазминлик билан, мулойимлик билан бу ҳолдан чиқишга ҳаракат қиладилар. Инсоннинг ўз ўзини хусуматдан сақлаши, унинг юксак фазилат соҳиби эканлигини кўрсатади.  
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарёдаги вакиллик ходими