Ислом дини инсонни хасис бўлишдан қайтаради. Инсон щз табиатидаги хасисликликка тўғри баҳо бериб, уни сахийлик билан ушлаши лозим.
Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да: “ Мана, сизлар шундай кишилардирсизки, Аллоҳ учун инфоқ-эҳсон қилишга буюрилгансизлар. Бас, сизларни орангизда бахиллик қиладиган кишилар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, албатта у фақат ўз зиёнига бахиллик қилур” дейди. ( Муҳаммад сураси, 38-оят). Инсон хасисликдан қайтиб, саховатли бўлишликни Аллоҳнинг буйруғи сифатида ўзида мужассам қилади. Ана шунда инсон комил инсон эга бўлиши лозим бўлган сифатни қўлга киритади.
Қадим замонда бир хасис бой бор экан. У бир куни йиғилишда ўтириб, уйидаги чироқ ёқилган қолганлиги эслайди. Бой аста йиғилишдан чиқиб, уйига қайтади. Уйига келиб, эшигини тақиллатади. Унинг уй хизматкори уйидан овоз бериб, эшикни очмоқ бўлганида, бой: “ Эшикни очма, хонамдаги чироқни ўчириб қўй”, дебди. Хизматкор: “ Чироқни ўчириб қўйганман, нима учун эшикни очмаслигимни тушунмадим” дебди. Бой: “ Мен яна йиғинга қайтиб кетаман, ҳар келганимда эшикни очаверсанг, эшикнинг ошиғи ейилиб кетади”, дебди. Хизматкор эса: “ Энди, тушундим, аммо ҳар гал қайтиб келишингизда оёқ кийимингиз ерга ишқаланиб ейилиб кетишини ўйламаяпсизми?” дейди. Шунда хасис бой: “ Сен мени нима деб ўйлаяпсан, мен сен айтмасанг ҳам туфлимни қўлтиғимга олиб келдим, ҳозир эшикни орқасида оёқ яланг турибман”, деган экан.
Сахий одам топганини бошқалар билан бўлиб ейди, бахил одам эса иложи борича ҳеч кимга бирон нарса бермай ейишга ҳаракат қилади. Бу ҳақда халқимизнинг “Сахий топса-барча ер, бахил топса- босиб ер”деган мақоли диққатга сазавордир. Бахиллик ҳам, хасислик ҳам инсон учун яхши одатлардан саналмайди. Бир куни устоз ўз шогирдидан: “ Бахил билан хасиснинг нима фарқи бор?” деб сўрабди. Шогирд: “ Бахил одам бировга бирор нарса бермайдиган одам, хасис эса қизғанчиқ одам” деб жавоб берибди. Устоз шогирдига: “ Сени айтганинг ҳам тўғри, аммо бахил бировга бирор нарса беришдан тийиладиган одам бўлса, хасис эса бирор иш, айниқса, яхшилик учун зарардан қочадиган одам”, деб жавоб берган экан.
Дарҳақиқат, инсон учун хасислик ҳеч қачон бирор манфаат келтирмайди. Шу сабабли уни хайру-саховат билан ушлаш натижасида икки дунё саодатига эришади.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими