1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қабрда савол қилинишимиз ҳақ

1-03-2023, 09:58 181 Ўқиш режими + -
Интернет тармоғида айрим кишилар инсон ўлгандан сўнг қабр азобини кўрмайди. Қабр азоби ва қабрда сўроқ қилиш учун инсон танасига жон қайта киритилмайди деган даъвони қилмоқдалар.
Аслида қабр азоби ҳам, савол қилиш учун инсон танасига қайта жон кириши ҳам ҳақ.   Маълумки,   Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги барча мусулмонлар қабр азобининг ҳақлигига иймон келтирадилар. Бу ҳақиқат ақоид китобларимизнинг барчасида алоҳида таъкидланган. Машҳур ҳанафий олим имом Таҳовийнинг китобига ёзилган шарҳни Муҳаммад Анвар Бадахшоний қилган талхисида бу масала бўйича шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳумлардан келган хабарлар асосида қабр азобига, ким шунга лойиқ бўлса, ва ундан Мункар-Накирнинг Роббисидан, динидан ва набийсидан сўроқ қилишига иймон келтирамиз. Қабр жаннат боғларидан бир боғдир ёки дўзах чуқурларидан бир чуқурдир.
Инсон умри поёнига етиб қабрга дафн этилгач, унинг жони яна қайта жасадига киради. Бу масалада баъзи аҳли илмлар таваққуф қилиб қатъий қарорга кела олмаган бўлсаларда, лекин аксар уламоларга кўра бу ҳақиқатдир. Аҳли суннат раиси имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ очиқ-ойдин шундай деган: “Қабрда жоннинг жасадга қайта киритилиши ҳақдир!” (Ал-фиқҳ ал-акбар. Имом Абу Ҳанифа).
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг узун бир ҳадисларида  ҳам бор: Бас, унинг руҳи жасадига қайтарилади… (Имом Аҳмад ривоят қилган ва исноди саҳиҳ деган).
Бу ҳадис ва имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шу сўзларига кўра, қабр азоби руҳгами, жасадгами ё икковигами, деб ихтилоф қилган баъзи мутааххирларнинг ихтилофига чек қўяди. Қабр азоби инсон руҳи ва жасадига биргаликда бўлади.
Шунингдек, бу масала билан жаҳмий ва мўътазилийларга ҳам раддия берилади. Чунки улар жони йўқ жасадни азобланади, деб эътиқод қилиш мантиққа тўғри келмайди, деб айтишади.
Матнда имомимиз Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ “қабрда” деб айнан қабрни келтиришлари ғолибият эътибори билан. Аслида денгизда чўкиб балиқларга ем бўлганлар ҳам, йиртиқ ҳайвонлар ҳужумига учраб ўлганлар ҳам, ёки жасади парча-парча бўлиб йўқ бўлиб кетганлар ҳам юқоридаги масала тахтига дохилдир. Аллоҳ ҳар қандай ҳолатдаги жасадга ҳам унинг руҳини қайтаришга қодир Зотдир!
Аллоҳ Қуръони каримда айтади: “Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деб ҳисобламанглар. Балки улар тирик, Роббилари ҳузурида ризқланмоқдалар”. (Оли Имрон сураси  169-оят).
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Уҳуд жангида шаҳид бўлган саҳобалар Аллоҳ тарафдан анвойи неъматлар билан ризқлантирилиб, жаннатнинг роҳат-фароғатларини тотишар экан, бир-бирларига “қани энди, ортимизда тирик қолган биродарларимиз бизнинг тириклигимизни ва ризқимиз етказиб бериб турилганини билишганида эди, Аллоҳнинг йўлидаги муҳорабаларда дангасалик қилишмаган бўларди… бизнинг ҳолимизни уларга ким етказиб қўяр эканааа”—дейишар экан. Шунда Аллоҳ таоло: “Мен етказаман”—дейди ва юқоридаги оятни нозил қилади. (Тафсир билмаъсур. Жалолуддин Суютий).
Машҳур саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр жанггидан уч кун ўтгач яна Бадр майдонига келади ва “Эй Абу Жаҳл, эй Умайя ибн Халаф, эй Утба ибн Робиъа, эй Шайба ибн Робиъа Раббингиз ваъда қилган нарсанинг ҳақлигини билмадингмизми?! Мен Раббим ваъда қилган нарсанинг ҳақлигини билдим”—дейдилар.
Буни Умар ибн Хаттоб ҳам эшитиб турган эди. У киши: Эй Расулуллоҳ, улар қандай эшитишади ва қандай жавоб қайтаришади, ваҳоланки ҳаммаси ўлиб бўлишган бўлса?—деб сўрайди.  Расулуллоҳ: “Жоним эгаси бўлган Зотга қасам, сизлар улардан кўра яхшироқ эшитувчи эмассиз. (Улар ҳам сизлардек эшитади) Лекин жавоб қайтара олишмайди холос”—дедилар. (Имом Муслим. 2874).
Хулоса шулки, қабр азоби ва неъмати ҳақида, икки фариштанинг савол қилиши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўплаб хабарлар келган. Бунга иймон келтириш вожибдир. 
Эй Аллоҳ! Бизларнинг қабримизни Ўзинг кенг ва нурли қилгин ҳамда бизларни қабр азобидан, фитнасидан асрагин! 
 
Муҳаммади ҚОРАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасинингҚашқадарё вилоятидаги вакил ўринбосари,Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби