1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Эътиқодимиз тўғри бўлсин!

1-03-2023, 10:19 221 Ўқиш режими + -
 
Инсон учун энг муҳим нарсалардан бири эътиқоддир. Шу сабабли эътиқодимизнинг тўғри бўлишига эътиборимизни қаратишимиз зарур.
Хўш, “Эътиқод” нима?
“Эътиқод” сўзи арабча сўз бўлиб, у араб тилидаги  “ақада” феъли асосида юзага келиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. 
Киши одатда бирор нарсага эътиқод қилиши учун унинг моҳиятини аъло даражада билиши керак. Акс ҳолда, эътиқод борасида чалкашлик ва хатоликлар келиб чиқиши табиий. Бунинг учун маърифат зарур. У онгимизда мустаҳкам қарор топсагина, эътиқодимиз мусаффо бўлади. Демак, эътиқод илмга асосланган бўлиши лозим. Аслини олганда, барча нарсанинг туб мағзини англашда илму маърифатга муҳтожлигимиз кундан-кун сезилиб туради.
Эътиқод софлиги ҳар бир мусулмон учун ўта муҳимдир. Чунки эътиқодсиз амалларнинг заррача фойдаси йўқ.
.
 Эътиқоднинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат ва риёзат қилса ҳам, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай наф бермайди. Шунингдек, эътиқод нотўғри танланса, бунинг оқибати янада ёмон бўлади. Ҳар бир балоғатга етган ақли расо мусулмон учун дастлаб соғлом эътиқодни ўрганиши фарз бўлади. 
Соғлом эътиқод Ислом динининг асоси бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилганларидан сўнг деярли ўн уч йил давомида у зотга асосан эътиқодга тааллуқли ҳукмлар ваҳий қилинган.
Соғлом эътиқод мўмин банда ва Аллоҳ таоло ўртасидаги алоқанинг моҳияти нимадан иборатлигини тушунтириб беради. Уламолар соғлом эътиқодли мусулмоннинг тасарруфи қандай бўлишига қуйидагича мисол келтирганлар. “Бир кишига дўсти маълум миқдорда маблағ бериб уни қаерларга сарфлашини тайинласа, дўсти мазкур жойларга ортиқча қийналмасдан, ичи ачишмасдан сарфлайди. Чунки унда қўлидаги маблағ тўғрисида “бу маблағ менинг шахсий молим эмас, менинг қўлимда турган омонатдир, мен уни фақатгина эгаси тайинлаган жойларга сарфловчиман холос” деган соғлом эътиқодси бўлади. Шу маънода соғлом эътиқодли мўмин киши ўзидаги барча нарсаларни Роббисининг омонати деб билади. Молидан закот ё ушр ёки етим-есирларга бирор эҳсон қилар экан, ўз ёнидан бераётгандек оғриниб эмас балки зиммасидаги омонатини адо этаётганидан хурсанд бўлиб сарфлайди. Бу эса ундаги соғлом эътиқоднинг самараси ҳисобланади;   
Соғлом эътиқод қилинган ибдатларнинг қабул бўлишига сабаб бўлади. Чунки соғлом эътиқодсиз қилинган амаллар қабул бўлмайди;
Дунёда саодатли ҳаёт кечириш соғлом эътиқодга боғлиқ;
Соғлом эътиқод кишини нафси талпинаётган ҳаром ишлардан тўсиб туради;
Соғлом эътиқод кишини доимо Роббисига ибодат қилишга чорлаб туради. Чунки эътиқодий ҳукмлар ва амалий ҳукмлар пойдевор ва унинг устига қурилган бинодек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун ҳам эътиқодий ҳукмларга қалб боғланмасдан туриб амалий ҳукмларни ҳаётга тўғри татбиқ этиб бўлмайди.
Охиратда нажот топиш соғлом эътиқодга боғлиқ.
Демак дунёда бахтли ҳаёт кечириб охиратда жаннатга киришни  хоҳлаган инсон албатта соғлом эътиқодни ўрганиши ва унинг тақозосига кўра яшаши лозимдир.
 
М. Қораев 
ЎМининг Қашқадарё вилоятдаги вакили ўринбосари,
 Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби