1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қўшничилик одоблари

9-12-2019, 16:58 637 Ўқиш режими + -

Киши ўз кундалик ҳаётида, истайдими-истамайдими, доимий  равишда алоқаларда бўлиб турадиган  тоифалардан бири қўшнилардир. Киши ҳаётининг осойишталиги, бахти, қувончи кўпинча қўшни ила кечадиган муомаласига ҳам боғлиқ бўлади.

      Исломда ижтимоий алоқалар ҳақида сўз кетганида, қўшничилик алоқаларига жуда катта аҳамият берилади. Ушбу алоқаларни гўзал тарзда олиб бориш ҳақидаги таълимотлар тақдим этилади. Бу таълимотлар эса Исломнинг ижтимоий алоқаларни иймон ва гўзал ахлоқ асосида олиб боришга берган аҳамиятидан келиб чиқади.

      Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

“Ота-онага, яқин қариндошга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига, ёндаги соҳибга, йўқсил йўлчига ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар” (36-оят)

      Бу оятда Аллоҳ таоло бир неча тоифа одамларга, жумладан яқин қўшнилар ва ён қўшниларга яхшилик қилишга амр қилмоқда. Уламоларимиз ояти каримада зикр қилинган, “яқин қўшни”дан мурод, қариндош қўшни яъни яқинлиги бор қўшни, “ён қўшни ” эса оддий қўшни деб тушунтиришган.

      Исломда қўшничилик алоқасига алоҳида эътибор берилган. Қўшнининг ҳаққи юқори кўтарилган. Унга яхшилик қилиш ҳақида кўплаб тавсиялар берилган. 

       Оиша (р.анҳо) онамиздан ривоят қилинади:

Набий (с.а.в.):

“Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим, дедилар ”.

    (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.) 

Қўшнига яхшилик қилиш Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган кишининг сифати, белгиси, аломати эканлигини тасдиқловчи ушбу ҳадис ҳам бор.

Абу Шурайҳ Хузоъийдан ривоят қилинади:

Набий (с.а.в.) :

“Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин, дедилар”. 

(Бухорий “Адабул Муфрадда” ривоят қилган.)

Бу ҳамда шунга ўхшаш жойларда Аллоҳга ва охират кунига иймонни зикр қилиниши ушбу ишларга тарғиб нақадар аҳамиятли эканлигидан далолатдир. Аллоҳга бўлган иймон кишиларни доимо У зотга муҳаббат ила итоат қилишга чорлайди. Охиратга бўлган иймон эса, савоб ва гуноҳларимизни эслаб туришнинг асосидир. Демак, Аллоҳга ва охират кунига иймон қўшнига яхшилик қилишни, керак бўлса хатто ундан етадиган озорларга сабр қилишни тақозо этади.

Қўшнининг қўшнидаги ҳаққи ҳақида сўз борганда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу ҳақлар миллатидан, динидан, тилидан (ва ҳоказо) қатъий назар яҳшилик қилишни тушунилади. Бунга мисол, 

Абдуллоҳ ибн Амр (р.а)дан ривоят қилинади:

Бир куни унинг қўйи сўйилди. У ҳизматчи йигитига:

“Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми?--деб ҳадеб сўрайверди. Сўнг Расулуллоҳ (с.а.в)нинг Жаброил менга қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим, деганларини эшитганман, деди”.  

 

Ҳадисда келганидек, қўшни дейилдими бўлди, яҳудийми, насронийми, мажусийми, ким бўлишидан қатъий назар унга яхшилик қилиш керак.

Ҳозирги кунда ҳам   ҳамюртларимиз, ватандошларимиз бу масала бўйича келган таълимотларга қўлдан келганича, амал қилиб, унинг яхшиликларидан  баҳраманд бўлиб келмоқдалар. Қўшни ҳаққига риоя қилган маҳалла ва жамиятларда кўпгина муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб келмоқда. 

 

Аммо, минг афсуслар бўлсинки, баъзи ҳолатларда қўшничилик алоқаларида, қўшниларнинг бир-бирлари билан бўлган муомалаларида Ислом таълимотлари унутилиб қолаётган ҳоллар ҳам йўқ эмас. Бу эса бир қанча кўнгилсизлик ва нохушликларни келтириб чиқариши мумкин. 

 

Аввал бехабар бўлсак, энди хабардор бўлдик.Ушбу таълимотларга аста-секин, қадамма-қадам амал қилишга ўтайлик. Уларни ҳаётимизга татбиқ қилиб, яхшиликларидан баҳраманд бўлайлик. Бу  эса юртимиз равнақини, келажагини  янада зиёда бўлишига сабаблардан бир сабаб бўлади, иншааллоҳ. 

 

 

                              “Ал-адаб ал-муфрад” китоби ва бошқа манбаалар асосида 

 

Қарши шаҳар “Араловул”  жомеъ масжиди 

 

имом хатиби Фурқат Жумаев тайёрлади.