Жаҳолатга қарши маърифат
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Жаҳд ва жиҳод сўзининг йигирмага яқин маънолари бор. Фақат биттаси жанг қилиш дегани. Оятларда келтирилган ҳар бир жаҳд ва жиҳод сўзига жанг қилиш деган маъно берилавермайди.
Жумҳур (кўпчилик) уламоларнинг фикрига қарасак, исломда жиҳод ўзининг ҳимояси учун ёки амалга оширилиши аниқ бўлиб қолган душман ҳужумини қайтариш учун жорий бўлади.
Демак, жиҳод бу – ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган баъзи бир “даъватчилар” даъво қилаётганидек исломни куч билан ёйиш, қурол ёрдамида тарқатиш воситаси эмас. Аксинча, душманликни кетказиш, зулмни бартараф этиш ва заифларни ҳимоя қилиш йўлидир.
Тарихдан маълумки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни иложи борича қўлни тийишга ва мушрикларни кечиришга чақирар эдилар. Ҳатто ўзини ҳимоя қилиш учун ҳам кофирларга қарши жанг қилишга рухсат йўқ эди. Аллоҳ таоло: “Ўзларига қарши уруш очилганларга зулм қилингани учун уларга (уруш учун) изн берилди. Аллоҳ уларга нусрат беришга ўта қодирдир” (Ҳаж 39) оятини нозил қилди ва бу мусулмонлар учун кофирларга қарши уруш қилишга изн берувчи биринчи оят бўлди. Эътибор беринг! Аллоҳ таоло “Ўзларига қарши уруш очилганларга зулм қилингани учун...” демоқда. Демак, Қурайш кофирлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг саҳобаи киромларига истаганларича озор беришган, зулм қилишган ва мусулмонларга қарши уруш очишган. Ва ниҳоят мазкур оят карима билан мусулмонларга мазлум бўлганлари, азоб-уқубатга қолганлари учун кофирларга қарши уруш қилишга рухсат берилган. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, жиҳод – ҳеч қачон ҳукумат барпо қилиш ёки йўқ жойдан қўзғолон кўтариш учун жорий этилмаган.
Бугунги тинчлик ва мусулмонлар ибодатларини эмин-эркин бажараётган замонда ижтимоий тармоқлар орқали жиҳод оятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётганларга айтамизки, Аллоҳдан қўрқинг!, Сизлар ўз нафсингизга қарши катта жиҳод қилинг!, Қуръон оятларидан ғаразли манфаатларда фойдаланманг!, Қуръони каримда жиҳод ва қитолдан кўра жуда кўп учрайдиган ва такрор-такрор келадиган “афв”, “кечирим”, “лутф”, “адолат” каби сўзларни ҳам борлигини унутманг! Ёшларнинг умрини хазон қилманг! .
Шу ўринда азиз ватандошларимизга ҳам шуни таъкидлаб ўтамизки, ҳақ йўлда барқарор бўлиб, аҳли суннат ва жамоатдан тойилманг! Ҳар кимнинг гапига кираверманг! Кўп ва хўп гапларига алданиб қолманг! Жанг майдонларида ҳалок бўлаётганлар Аллоҳ йўлида шаҳид эмас, балки ғаразли кучларнинг “раҳнамолари” йўлида мурдаси бекафан, бежаноза, хор бўлаётганлар эканини унутманг!!!
Муҳаммад Саид Рамазон Бутий бундай бузғунчи тоифаларнинг қилмишини қоралаб шундай дейди: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш”, дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш”, дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васалам) бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”.
Аллоҳ таоло ватанимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини сақлаб, барчаларимизнинг эътиқодимизни соғлом, ақидамизни тўғри, илмимиз ва касбу коримизни баракали қилсин. Зеро, жамиятимиз, динимиз, она-Ватанимиз равнақи чуқур билим, юксак ахлоқий тарбия ва ҳалол меҳнат устига қурилади.
Азамат Усмонов