Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло собир зот, биз ҳам сабрлик бўлайлик. Бу ҳақда Довуд (а.с.) Аллоҳ таолога мурожаат қилиб:“Эй Аллоҳ менга яхши ахлоқ бергин. Мен унинг учун нима қилай?” деб сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Мен собирман, сен ҳам сабр қил” деб жавоб берган экан.
Сабр асосан икки нарсага нисбатан бўлади. Бу икки нарсанинг бири мусибат бўлса, иккинчиси эса маъсиятдир. Мусибат бу айрилиқдир. Инсонинг бирор киши ёки нарсасини йўқотиши мусибатдир. Пайғамбар (с.а.в.): “Бир кишининг суюкли кишиси вафот этса, у бу мусибатга сабр қилса, унга бериладиган ажр жаннатдир” дедилар. (Бухорий ривояти). Инсон бирор нарса ёки кишисини йўқотганида: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” деб унга сабр қилади. Инсон бошига бало келганида сабр қилса, у гуноҳлардан пок бўлади. Бу ҳақда ҳадиси қудсийда: “Эй инсонлар, мен инсонлар орасида бирор кишини имтиҳон қилсам, у бу имтиҳон мендан эканлигини билиб, унга сабр қилса, ўша жойидан турмасиданоқ онасидан туғилган кунидагидек хато ва гуноҳлардан фориғ бўлади” дейилади.
Маъсият эса бу гуноҳ бўладиган ишлардир. Инсон ўз нафсини гуноҳ ишлардан тийишда сабр-қаноатли бўлиши лозим. Шундай қилса, у бу сабри учун катта ажру савоблар олади. Аллоҳ таоло:“Кимки, Парвардигорининг ( ҳузурида) туриши 9ва ҳисобот беришидан)дан қўрқса ва нафсини ҳаволанишдан қайтарса бас. Фақат жаннатгина (унга) макон бўлур” дейди. (Назиот сураси. 40-41-оятлар). Луқмони Ҳаким ҳам ўз фарзандларига: “Эй ўғлим, Олтин олов билан. инсон эса бало билан синаб кўрилади. Сен ҳамиша борига қаноат қилиб, бошингга тушган мусибат ва маъсиятларга сабр қил” деб насиҳат қилар эканлар. Шу сабабли мусибат ва маъсиятга саб-тоқат қилишимиз лозим.
Сабр қилиш ва қилмаслик жиҳатидан инсонларни уч тоифага бўладилар. Биринчи тоифа кишилари ҳар қандай ҳолатда сабр-тоқат қиладиган кишилардир. Улар нафсларини жиловлаб, нафс талвасасига сабр қиладилар. Сабр улар учун оддий бир ҳол ҳисобланади. Сабрли инсонлар жазавага тушмайди, ҳавои-нафс у билан тортишмайди. Бу даражага чиройли сабр қилувчи кишилар етадилар. Иккинчи тоифадаги кишилар сабр-тоқат қила олмайдиган кишилардир. Бесабр кишилар маъсиятга ҳам, мусибатга ҳам сабр қила олмайдилар. Бундай кишиларга ҳавойи нафс ҳукмрон бўлади. Учинчи тоифа кишилар баъзида сабр қиладиган ва баъзида сабр қилмайдиган кишилардир.
Агар инсонлар сабрсизликдан қутилиб, сабр кемасига чиқсалар, ризо денгизи узра саёҳат қиладилар ва манзарали, кўркам оролга келадилар-ки, унда омонлик бордир. Инсон сабрсизликдан халос бўлса, унга сабр эшиги очилади. Шунинг учун пайғамбаримиз: “Сабр- нур” дедилар. ( Муслим ривояти). Инон ҳар бир ўтган нарса учун қайғуриши, афсус ва надомат чекиши инсоннинг соғлигига зарар қилади, унинг асабларини чарчатади, мушкулини оғирлаштиради ва янги муаммолар гирдобига мубтало қилади. Сабр инсоннинг ғамгинлигини ва қалбидаги қоронғиликни кетказувчи нурдир. Сабр йўлни ёритиб, мшаққатни енгиллаштиради. Инсоннинг қоронғу қалбидан ғамни кетказади. Сабр-тоқатсиз инсон мўлжаллаган манзилига ета олмайди.
Хулоса қилиб айтганда, сабр-тоқат кишилар орасида мақсад сари чидам билан интилиш, машаққатли дамларда бардошли бўлиш каби фазилатларни мустаҳкамлайди.
Р. Акбаров,
ЎМИ нинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими