Ислом дини инсонни бахил бўлишдан қайтаради. Инсон ўз табиатидаги бахилликка тўғри баҳо бериб, уни сахийлик билан ушлаши лозим.
Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да: “Мана, сизлар шундай кишилардирсизки, Аллоҳ учун инфоқ-эҳсон қилишга буюрилгансизлар. Бас, сизларни орангизда бахиллик қиладиган кишилар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, албатта у фақат ўз зиёнига бахиллик қилур” дейди. ( Муҳаммад сураси, 38-оят). Инсон хасисликдан қайтиб, саховатли бўлишликни Аллоҳнинг буйруғи сифатида ўзида мужассам қилади. Ана шунда инсон комил инсон эга бўлиши лозим бўлган сифатни қўлга киритади.
Сахий одам топганини бошқалар билан бўлиб ейди, бахил одам эса иложи борича ҳеч кимга бирон нарса бермай ейишга ҳаракат қилади. Бу ҳақда халқимизнинг “Сахий топса-барча ер, бахил топса- босиб ер”деган мақоли диққатга сазавордир. Бахиллик ҳам, хасислик ҳам инсон учун яхши одатлардан саналмайди. Бир куни устоз ўз шогирдидан: “ Бахил билан хасиснинг нима фарқи бор?” деб сўрабди. Шогирд: “ Бахил одам бировга бирор нарса бермайдиган одам, хасис эса қизғанчиқ одам” деб жавоб берибди. Устоз шогирдига: “ Сени айтганинг ҳам тўғри, аммо бахил бировга бирор нарса беришдан тийиладиган одам бўлса, хасис эса бирор иш, айниқса, яхшилик учун зарардан қочадиган одам”, деб жавоб берган экан.
Дарҳақиқат, инсон учун бахиллик ҳеч қачон бирор манфаат келтирмайди. Шу сабабли уни хайру-саховат билан ушлаш натижасида икки дунё саодатига эришади.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими