Меҳнат туфайли инсон шараф топади. Меҳнатдан қочишлик эса ёмон иллатдир. Меҳнатдан қочиш дангасаликнинг бир туридир.
Дангасалик сўзи “меҳнат қилишдан қочишга одатланганлик”, “меҳнат қилмаслик” деган маънони англатади. Дангасалик қилиб, ишдан қочиш бугунги кунда кўпайиб кетмоқда.
Аслида, ҳазрати Баҳоуддин Нақшбандий бобомиз айтганларидек, “Дил баёр, даст бакор” яъни қалбимиз Аллоҳнинг зикрида, қўлимиз меҳнатда бўлиши зарур.
Айрим кишилар бугунги кундаги яратилган шарт-шароитлардан тўғри фойдаланиш ўрнига вақтларини енгил-елпи ишларга, кўп ухлашга сарф қилишади. Кўп уйқу, кўп ейиш ҳам дангасаликка сабаб бўлади. Чунки, кўп ухлайдиган одамнинг баданлари бўшашиб, камҳаракат бўлиб қолади, ғафлат ва роҳатга берилади. Асосий вақти шу йўсинда ўтгач, ўз-ўзидан кўплаб фойдали ишларни ўтказиб юборади. Донишмандлардан бири шундай дейди: «Кўп ухлаш қалбни ўлдиради, жасадни ишдан чиқаради, вақтни зое қилади ҳамда ғафлат билан дангасаликни чақиради».
Хулоса қилиб айтамизки,Аллоҳ таоло барчамизни вақтларимизни беҳуда нарсаларга сарфлашдан,дангасалик қайтариб, дунё ва охиратда фойдали ишларда меҳнат қилишга муваффақ қилсин!
Р. Акбаров,
ЎМИНинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими