Дарҳақиқат, халқимиз орасида “ихлос-холос” яъни ихлос қилган киши нажот топади, деган гап юради. Ихлос бу дунё ва охиратда нажот топишнинг асоси ҳисобланиб, у амалларга нисбатан бинонинг пойдевори ёки жасаднинг руҳи кабидир.Бандаларнинг амаллари қабул қилиниши учун икки нарса муҳим,бири ихлос,иккинчиси тўғри бажариш.Яъни, амал Ислом шариати кўрсатмаларига зид бўлмаслиги лозим ва ўша амал Аллоҳ учун холис бажарилиши керак. Чунки, Аллоҳ таолодан бошқа учун бажариладиган ҳар қандай иш қабул қилинмайди.
Қуръони каримнинг бир қанча оятларида ихлос ҳақида зикр қилинади. Жумладан, ихлос билан дуо қилиш ҳақида шундай дейилади: яъни: «Унга (Аллоҳга )динни холис қилган ҳолларингизда дуо қилингиз.Сизларни (аввал бошда ярата )бошлаганидек ,(қиёматда мангу ҳаётга)қайтурсизлар».(Аъроф сураси ,29-оят.)
Яна бир оятда эса Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиш орқали бизга динини ширк, риё ва сумъадан холис қилиб ,ибодат қилишимизни буюради: яъни «(Эй ,Муҳаммад ! ) Албатта ,Биз сизга бу Китобни ҳақиқатан нозил қилдик ,бас,Сиз Аллоҳга –динни Унга (ширкдан) холис қилган ҳолда ибодат қилинг! » (Зумар сураси, 2-оят).
Қуръони каримнинг тафсири сифатида ҳадиси шарифларда ҳам ихлос мавзусига тўхталиб ўтилган.Аксарият ҳадис китоблари ниятни холис қилиш ҳақидаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзлари билан бошланади: «Албатта амаллар ниятларга боғлиқдир.Ҳар ким нима ният қилган бўлса,унга шу нарса бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлган бўлса,унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир.Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлган бўлса, дунёга етади. Аёл учун ҳижрат қилса, уни никоҳига олади.Ҳижрати нима учун бўлган бўлса,унга ўша нарса бўлади.» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳадиси қудсийда бундай марҳамат қилинган: «Аллоҳ таоло айтади: «Мен шерикка муҳтож эмасман… Ким амалларида Менга бошқасини шерик қилса, Мен унинг ширкидан покман.Амали шерик қилганига топширилади» (Ибн Можа ривояти).
Бошқа бир ҳадисда: «Қачон қиёмат бўлиб,Аллоҳ таоло аввалгию охиргиларни жамласи,бир нидо қилувчи: «Ким ўз амалида Аллоҳга бирор кишини шерик қилган бўлса ,савобини унинг ҳузуридан талаб қилаверсин,Албатта,Аллоҳ шерик қилувчиларининг ширкидан беҳожатдир», дейилади. (Термизий ривояти).
Демак, ихлос билан амаллар мақбул бўлади. Аллоҳ таоло ихлос билан қилган ишларимизни қабул айласин!
Р. Акбаров
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими