1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Кечиримлилик-олий фазилат

27-02-2020, 22:07 590 Ўқиш режими + -

                             Кечиримлилик-олий фазилат

                       

Аллоҳ таолонинг китоби “Қуръони Карим”да ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам )нинг муборак ҳадисларида биз мўъмин-мусулмонлар кечиримли бўлишга буюрилганмиз. Кечиримли бўлиш мўмин-мусулмонлар учун олий фазилатлардандир.

 

 Аллоҳ таоло “ Қуръони Карим”да шундай марҳамат қилади: 

“ Афвни ( қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”.      ( Аъроф сураси, 199-оят). 

 

              Ушбу оятни тафсир қилган уламолар оятдаги “ Афвни ( қабул қилиб) олинг” деган муборак бирикма “кечиримли бўлишга” далолат қилади, дейишади. Шайх Усмонхон Алимов муфтий ҳазратлари ўзларининг “ Тафсири ирфон” китобларида бу оятнинг тафсири ҳақида шундай ёзадилар: “ Оят каримадаги “урф” сўзи “яхши амаллар” маъносида, Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали Ўз пайғамбарига афвни қабул қилиб олишни, яъни ўта кечиримли бўлишни, одамларн яхшиликка  чорлашни ҳамда ширк ва куфр йўлини тутган жоҳил, нодон кимсалардан юз ўгиришни буюрмоқда. Парвардигорнинг амрига бўйсунган Пайғамбаримиз кечиримлиликда ҳам, одамларни яхшиликка чақиришда ҳам бутун умматга ибрат бўлганлар[1]”. 

 

          Ва яна  “ Тафсири ирфон” китобида оятнинг тафсири давом эттирилиб кечиримли бўлиш ҳақида қуйидаги ҳадислар ҳам келтирилади: “Анас ибн Моликдан ( розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “ Расулуллоҳ ( соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга бораётган эдим. У зотнинг эгниларида жияги пишиқ нажроний чакмон бор эди. Бир аъробий ( саҳройи киши) келиб, Расуллуллоҳнинг чакмонларидан қаттиқ тортди. Шунчалик қаттиқ тортдики,  у зотнинг бўйниларида чакмон жиягининг изи тушганини кўрдим. Сўнг аъробий: “Эй Муҳаммад, айт, ҳузурингдаги моллардан менга ҳам беришсин!” деди. У зот (( соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга кулиб қарадилар. Сўнг унга садақа бериб юборишни буюрдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Кечиримли, мулойим бўлиш ҳақида у зотдан шундай ҳадиси шариф бор: “ Аллоҳ таоло меҳрибондир. Мулойимни яхши кўради. Шафқатсизга ва ундан бошқага бермаган нарсани мулойимга беради”. ( Имом Муслим ривояти)...”.

 

                 Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонларидан кейинги уч йилда озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган минглаб кишилар афв этилдилар. Давлатимиз раҳбари топшириқларига биноан  муҳим аҳамиятга эга бўлган “Меҳр”инсонпарварлик операцияси амалга оирилди. Қонли можаролар давом этаётган юртлардан ватандошларимиз, асосан аёллар ва болалардан иборат бўлган 156 киши соғ-саломат ўз уйларига қайтдилар. 

                Мамлакатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 5 феврал куни “ Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида” фармонлари эълон қилдилар. Ана шу фармонга кўра 58 нафар фуқаро афв этилди. Афв этилганлар ўз оилалари бағрига қайтдилар.  Фармонга мувофиқ афв этилганлар иш жойлари билан таъминланиб, жамиятда ўз ўринларини топмоқдалар. Давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрликларга юртимиздаги барча кишилар ўз  миннатдорчиликларни билдирмоқдалар. Зеро, кечиримли бўлиш ҳамма вақт инсонлар ва жамиятга кўпдан-кўб манфаат ва муваффаққиятлар келтирган.           

 

                 Улуғларимиз кечиримлилик дунёдаги амалларнинг энг хайрлиси ва   фазилатлисидир, дейдилар. Аллоҳ таоло “ Ҳадиси Қудсий”да: “ Эй Одамзод, Мен парвардигорман, яхшилик ва ёмонликни тақдир қилдим. Кимгаким ёмонлик қилишни тақдир қилган бўлсам, ўша одамнинг ҳолига вой, кимгаким яхшилик қилишни тақдир қилган бўлсам,  ўша бандага  қандай яхши![2]” дейди.  Мана шундай хайрли кунларни,  хайрли тақдирларни ато қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин ва барчаларимизни доимо яхшиликда бардавом бўлишимизга мувофиқ қилсин!

 

 

 

 

 

Раҳматилло УСМОНОВ, 

 

                   Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 

                   Қашқадарё вилоятидаги вакили, 

вилоят бош имом-хатиби

 


[1] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “ Тафсири ирфон” Т. 2019.  2-жилд. 125—126-бетлар.

[2] Ҳадиси Қудсий. Т. “Мовароун-наҳр” нашриёти. 1998.  14-бет.