“Фитр-садақа” араб тилидаги сўз бирикма бўлиб, у ўзбек тилида “ оғиз очиқлик –садақаси” деган маъно англатади. Рамазон ойида фитрга яъни оғиз очиқликка чиқиш муносабати билан бериладиган садақага фитр садақа дейилади. Инсонинг жони, танаси ва мулки бўлади. Айрим садақалар мулкдан берилса, фитр-садақа Рамазон ойида инсон бошидан берилади.
Рамазон ойида фитр-садақа бериш эркагу-аёлга, балоғатга етган ва етмаган, хоҳ оқил ёки мажнун, ҳур, ҳожати аслиясидан ташқари моли ўсмаса ҳам закот нисобига етган мўмин-мусулмонга вожиб амал ҳисобланади.
Оила бошлиғи бўлган ота ўзининг оиласи, вояга етмаган болалари учун фитр садақасини беради. Кишининг зиммасида қарзи бўлиши уни фитр садақасини беришдан манъ қилмайди.
Фитр-садақа қачон берилади?
Фитр садақасини Рамазон ҳайити куни ҳайит намозидан олдин бериш афзал.
Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: فَرَضَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ زَكَاةَ الْفِطْرِ صَاعًا مِنْ تَمْرٍ أَوْ صَاعًا مِنْ شَعِيرٍ عَلَى الْعَبْدِ وَالْحُرِّ وَالذَّكَرِ وَالْأُنْثَى وَالصَّغِيرِ وَالْكَبِيرِ مِنْ الْمُسْلِمِينَ وَأَمَرَ بِهَا أَنْ تُؤَدَّى قَبْلَ خُرُوجِ النَّاسِ إِلَى الصَّلَاةِ
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлардан ҳар бир қул ва ҳур, эркак ва аёл, катта ва кичикка бир соъ тамр ёки бир соъ арпа миқдорида фитр закотини фарз қилиб, уни одамлар ҳайит намозига чиқишидан олдин адо этишни буюрдилар”. ( Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ва яна Ҳанафия мазҳаби бўйича фитр садақасини Рамазон ҳайитидан бир ёки бир неча кун олдин бериш жоиз:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّهُ كَانَ يُعْطِيهَا الَّذِينَ يَقْبَلُونَهَا، وَكَانُوا يُعْطُونَ قَبْلَ الْفِطْرِ بِيَومٍ أَوْ يَوْمَيْنِ
“Абдуллоҳ ибн Умар фитр закотини уни олувчиларга берар, одамлар фитр садақасини ҳайитдан бир ёки икки кун олдин бериб қўяр эди”. ( Имом Бухорий ривояти).
Фитр садақасининг охирги вақти Рамазон ҳайити намози ўқилгуничадир, ким бу вақтдан кечиктирса, ҳайит намозига қадар берилган садақасидек фазилатни топмайди ва савоби ҳам камроқ бўлади. Фитр–садақани ўз вақтида бермаган киши уни кейинроқ бўлса ҳам бериши лозим.
Маълумки, фитр садақаси қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади. Улар: буғдойдан ярим соъ (2 кг), арпадан бир соъ 94кг), майиздан ярим соъ(2кг) ва хурмодан бир соъ (4кг)дир.
Ҳанафия мазҳаби бўйича фитр садақаси сифатида маҳсулот эмас, унинг қиймати миқдорида пулини берса ҳам бўлади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бериладиган фитр- садақа рўза тутганларни Рамазон ойи давомида йўл қўйган беҳуда гап-сўзлардан покласа, фитр-садақа олганларни эса моддий жиҳатдан бир оз қувонтиради. Бу эса жамият кишилар орасида ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик, оқибатли бўлиш каби яхшиликларни бардавом бўлиши учун хизмат қилади.
( Манбалар асосида Р, Акбаров тайёрлади)