1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Инсоний муносабатларда сабрнинг аҳамияти

25-03-2023, 16:14 174 Ўқиш режими + -
Одамлар ўртасидаги ижтимоий алоқалар ва одоблар доирасида сабрнинг ўзига хос ўрни бор. Эр-хотинлик муносабатлари тўғри ва барқарор бўлиши учун ҳам уларнинг ҳар бири умр йўлдошидан содир бўлаётган ишларга сабр қилиши ва айрим кўнгилсиз ҳолатлар ҳатто турли азиятларга бардош бериши лозим.
Гул тикансиз бўлмаганидек ҳаёт ҳам доим ширин бўлавермайди. Унда яхши кунлар бўлиши билан бир қаторда ғам-аламли кунлар ҳам бўлади. Қолаверса, ҳар қандай инсоннинг мақтовга сазовор ва ёмон кўриладиган жиҳатлари бўлади.
Шунинг учун Қуръони каримда эркакларни жуфти ҳалолига нисбатан нафрат ёки ёқимсиз туйғу чулғаган пайтда ҳис-туйғуларга берилмасдан ақл билан иш кўришга ва ҳою-ҳавасга эмас исломий ахлоқ нормаларига риоя қилишга чорланган.
Аллоҳ таоло бу хусусда Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.
وَعَاشِرُوهُنَّ بِٱلۡمَعۡرُوفِۚ فَإِن كَرِهۡتُمُوهُنَّ فَعَسَىٰٓ أَن تَكۡرَهُواْ شَيۡ‍ٔٗا وَيَجۡعَلَ ٱللَّهُ فِيهِ خَيۡرٗا كَثِيرٗا
“Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин.” (Нисо сураси, 19-оят)
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом ушбу Қуръоний маънони таъкидлаб ўтганлар: “Мўмин (эр) мўмина (хотини)ни ёмон кўрмасин. Гарчи унинг бир хулқидан аччиқланса ҳам бошқасидан миннатдор бўлади”
Яъни оилада эр киши жуфти ҳалолининг баъзи ёқимсиз сифатларига кўз юмиши лозим. Чунки унда мазкур ёмон сифатлар билан бир қаторда яхши хислатлар ҳам бор.
Ушбу қоидани ота-бола, яқин қариндошлар ва дўстлар ўртасидаги муносабатларда ҳам қўллаш лозим. Уламоларнинг айтишича қўшничилик ҳақи фақат унга озор бермаслик билан чекланмайди. Балки ундан келадиган азиятларга сабр билан бардош беришни ҳам ўз ичига олади.
Шунингдек, нафсни ҳалимлик югани билан жиловлаш, ғазаб ўтидан ўзини тийиб ҳис-ҳаяжонга берилмаслик ва ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтаришни ҳам сабрнинг бир тури ўлароқ келтиришимиз мумкин.
Бу тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.
وَلَا تَسۡتَوِي ٱلۡحَسَنَةُ وَلَا ٱلسَّيِّئَةُۚ ٱدۡفَعۡ بِٱلَّتِي هِيَ أَحۡسَنُ فَإِذَا ٱلَّذِي بَيۡنَكَ وَبَيۡنَهُۥ عَدَٰوَةٞ كَأَنَّهُۥ وَلِيٌّ حَمِيمٞ
“Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур.” (Фуссилат сураси, 34-оят)
Хулоса ўрнида ўзбек халқининг “яхши гапга илон инидан, ёмон гапга қилич қинидан чиқар” деган ажойиб ва пурмаъно мақолини келтиришни лозим топдик. Дарҳақиқат душманга ҳам сабр билан муросаю мудора йўлини тутиб ёндошилса сабрдан кўзланган асл мақсад рўёбга чиқади. Аллоҳ таоло барчаларимизни сабрли бандаларидан қилиб уларга ваъда қилинган ажру мукофатлардан насиб қилсин!

Омон Қодиров
"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти
ўқитувчиси