Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар бўлсинким, энг муборак ой, саховат, мурувват ойи бўлмиш, ойлар султони - Рўзаи рамазон ойида турибмиз. Умр ғанимат, яхшилик ғанимат бўлиб турган ушбу вақтларда, жаннатга етакловчи фазилатли амалларни бажармоғимиз лозимдир. Аллоҳ таолонинг муборак каломи Қуръони каримнинг “Оли Имрон” сураси 92-оятида “Ўзингиз яхши кўрган нарсани эҳсон қилмагунингизча яхшиликка, жаннатга эриша олмайсизлар, ниманики эҳсон қилсангизлар албатта Аллоҳ уни билгувчидир” дейилган. Саҳобалардан бири Абу Талҳа розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига бориб эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳ таоло сизга “Ўзингиз яхши кўрган нарсани эҳсон қилмагунингизча яхшиликка, жаннатга эриша олмайсизлар, ниманики эҳсон қилсангизлар албатта Аллоҳ уни билгувчидир” деган ўз каломида. Менинг энг яхши кўрган нарсам “Байраҳо” номли боғимдир мана шу суйган нарсам Аллоҳ йўлида садақа бўлсин, унинг захираси охиратимда жаннатда бўлишни умид қиламан дедилар. Шунда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи вассаллам суюниб жуда фойдали мол, жуда фойдали мол аммо бу молни қариндошларинга бўлиб беришингни маъқул кўраман дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Талҳа розияллоҳу анҳунинг Аллоҳни бу оятига қанчалик садоқатли эканликларини ва албатта инсон яхшиликка эришмоқлиги учун эҳсоннинг фазилати улуғ эканлиги, қариндош-уруғларига, ёр-у дўстларига, ижтимоий ҳимояга мухтожларга саховат қўлини чўзмоқлик, ёрдам бермоқлик қанчалик савобли амал эканлигини мана шу муборак ҳадисларидан билиб олсак бўлади.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам саҳобаларига бугун ким рўза тутти дедилар. Шунда Абу Бакир Сиддиқ разияллоҳу анҳу мен дедилар. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллоллоҳи алайҳи вассаллам ким бугун бир жанозага эргашди деганларида Абу Бакир Сиддиқ разияллоҳу анҳу мен дедилар. Пайғамбаримиз яна сўрадилар, ким бир мискинга таом берди, ким бир бемордан хабар олди деганларида буюк саҳоба Абу Бакир Сиддиқ разияллоҳу анҳу мен деб жавоб бердилар. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллоллоҳи алайҳи вассаллам марҳамат қилиб шундай дедилар: қайси бир кишига ушбу ҳикматлар жам бўлса, албатта жаннатга киради деб айтганлар. Ва бу каби фазилатли амаллларни бажарган кишиларга жаннат муқаррардир.
Яна бир ҳадиси шарифда: “Ҳар бир яхшилик бир садақадир” деганлар. (Имом Муслим ва Имом Бухорий ривоят қилган) демак умр ғанимат, яхшилик ғанимат азизлар. Айниқса ушбу кунларда қийналиб қолган ва ижтимоий ҳимояга мухтож бўлган оилаларга ёрдам бериш жуда савобли ишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи вассаллам яна бир муборак хадисларида: “Аллоҳ банда ёрдамида бўлади-қачонки банда биродари ёрдамида бўлса” дедилар. Ҳақиқатдан биз қўлимиздан келгунча саховат қилишда бардавом бўлсак, барча энг гўзал фазилатли амалларни бажаришда, биз умматларига наъмуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи вассалламга эргашсак Аллоҳ таоло бизларга ёрдам беради. Саховат қилишга имконингиз борми, ҳаракат қилинг ва Аллоҳ таолонинг марҳаматига, жаннатига сазовор бўлинг.
Эзгу амалларда собит қадамлардан бўлиб, меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ таолонинг розилигига эришмоқлик барчамизга насиб бўлсин азизлар.
Г.Мавлянова,Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалар бўйича ўринбосари