1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Рамазон-ойлар султони

30-03-2023, 11:23 220 Ўқиш режими + -
Рамазон - раҳмат ва мағфират ойи, ойларнинг султони ва энг улуғидир. Рўза жасадга ҳам, руҳга ҳам файз бағишлайди, уни қайта тирилтиради. Моддий ва маънавий зарарлардан муҳофаза қилади. Бошқа ойларга нисбатан бу ойда Аллоҳга яқинлашиш, улуғ ажру-мукофотларга сазовор бўлиш имкониятлари кўпроқ. Қадр кечасининг минг ойдан афзаллиги, бу кечада қилинган ибодатнинг савоби минг ойлик қилинган ибодатнинг савобидан ортиқлигини бир тасаввур қилиб кўрсак. Бу ойда ихлос, самимият ила тавба қилсак, гуноҳларимиз кечирилади, дуолар қилсак, ижобат бўлади, иншааллоҳ!. Ҳатто фаришталар ҳам бу ойда Аллоҳнинг махсус фармонини бажариш учун ерга тушадилар.
Қуръони карим шу ойда нозил бўлди. Аллоҳнинг расули одамларни ислом динига даъват қилишни шу ойда бошлади. Шу ойдан бошлаб ислом дини зафарга куч-қувватга, нурга тўлаверди. Шунинг учун ҳам Рамазон ойи ва Рамазон рўзаси бутун мусулмон уммати тарафидан буюк бир муҳаббат ва айрича ҳурмат билан эъзозланади.
Бу ойда ер юзининг турли тарафидаги мусулмонлар муштарак туйғу ва муштарак қарашлар билан бирлашадилар, бир хил вақтда очиқадилар, чанқайдилар, жамоат бўлиб тартибли, эътиқодли ҳолатда Аллоҳга таслим бўладилар, муҳаббат намунасини кўрсатадилар. Яхшилик, хайру саховат эшиклари барчага баробар очилади. Аллоҳнинг афв ва мағфират хазинасидан ҳар бир мўьмин ўз улуш ва насибасини олишга ҳаракат қилади. Мўьмин-мусулмонлар рўза давомида руҳларини сабр-қаноат, машаққат ва қийинчиликларда тоблайдилар. Аллоҳ берган неъматларнинг қадрига етиш ҳақида ўйлай бошлайдилар.
Рўза исломнинг бошқа аҳкомлари ва ибодатлари каби жамият ҳаёти ва тараққиётига ҳам шубҳасиз ижобий таъсир кўрсатади. Бу ой мусулмонларни янада жипслаштиради, улардаги меҳр оқибат, дину-диёнат туйғуларини жунбушга келтиради.
Рамазони шарифни ҳар бир мусулмон яхши кутиб олиб, ҳурмат ва иззатини ўз жойига қўйган ҳолда кузатишни орзу қилади. Бунинг учун аввало, биз бу муборак ойнинг хислат ва фазилатларидан хабардор бўлмоғимиз лозим. Чунки рўза ойи ҳар йилда бир келиб кетадиган азиз меҳмон. Уйимизга бир меҳмон келадиган бўлса, уни яхши кутиб олиб, ҳурматини жойига қўйиб, кўнгилдагидек кузатиш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.
Худди шунингдек, Рамазон ойини ҳам иштиёқ ва ихлос билан кутиб олиб, унда қўлимиздан келганча солиҳ амалларни қилишга ҳаракат этмоғимиз лозим. Ҳар бир инсон бу ойда ўзининг имон ва ихлосини чархлаб, унга сайқал бериб, эътиқоду иймон нурини зиёда қилиб олиши зарур. Зеро, ҳар қандай мусулмон одам ҳам йил мобайнида нафсоний иштиёқларини қондириш билан овора бўлиб, кундалик турмуш жараёнида содир бўлаётган турли салбий ҳолатлардан таьсирланиши натижасида унинг имони нури анча хиралашиб, ақидаси ҳам анча-мунча заифлашиб қолади.
Рамазон ойи дилларимизни йиғилиб қолган ғуборлардан тозалаб, вужудимизни ахлоқий фазилатлар касб этишга тайёрлаб оладиган ғанимат бир фурсатдир. Бинобарин, бу ой бошқа ўн бир ойдан фарқ қилиши керак. Бу ой давомида уйларимизда аҳли оила ва фарзандларимиз билан биргаликда Қуръони каримни камида бир карра тўлиқ ўқиб, хатм этмоғимиз даркор. Қуръони карим ер юзидаги барча мусулмонларнинг энг муқаддас китоби ва диний ҳаётлари учун дастуруламал ҳисобланмиш илоҳий қонун-қоидалар мажмуасидир.
Рўза руҳнинг озуқаси, қалб осилишининг энг буюк омили. Ҳам жасадга ҳам руҳга фойдалидир. Инсонлар рўза туфайли нафсларига ҳоким бўлишга интиладилар. Бошқа ибодатлар эса, нафсини жиловлашга асосий ёрдамчилардир, зеро, фақат рўза билангина нафсни идора қилиб бўлмайди. Рўза-руҳга маънавий озуқа беради, инсонни малакут оламига етказади. Ҳақ таолонинг пинҳоний марҳаматларига эриштиради.
Рўзадор киши руҳий покланишга эришади. Ақлини нафсидан ғолиб бўлишга ўргатади. Ўзини ҳар хил шаҳватлардан тия олади. Қалбида бева-бечора, оч-наҳорларга нисбатан меҳр пайдо бўлади.
Раҳмати илоҳий шунчалар кенгки, уни тасаввур қилишга инсониятнинг ақли етмайди. Беш вақт намоз ҳар намоз орасидаги хатоларга, жума кунги намоз икки жума орасидаги хатоларга, Рамазон ойи ибодатлари бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Фақат мўьмин киши гуноҳи кабирадан, яъни катта гуноҳлардан ўзини сақлаши керак.
Муҳаммади ҚОРАЕВ 
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакил ўринбосари
 -  Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби