“Рамазон” арабча сўз бўлиб, куйиш, қовжираш маъноларини англатади. Рамазон гуноҳларни куйиши деган маънода ҳам тушунилади. Рамазон ойида мўъмин-мусулмонлар ўз нафсларини гуноҳлардан поклашга ҳаракат қилади.
Маълумки, инсоннинг ўз нафсини гуноҳдан поклаш учун ҳаракат қилиши унинг камолотидан дарак беради. Инсон ўз нафсини гуноҳлардан покламас экан, у ҳеч қачон камолотга ета олмайди. Диёримиздаги барча комил инсонлар ўз нафслари билан курашиб, уни поклаш бахтига эришганлар. Нафсни гуноҳдан поклаш учун нафс ҳолига, унинг даражасига эътибор қилишимиз лозим бўлади. Нафснинг биринчи даражасини “Нафсул-аммора” дейилади. Уламолар нафсул-аммора”га қуйидаги оятни ҳужжат қилишади: “Нафсимни оқламайман. Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир. Фақат раббим раҳм қилганлар бундан мустаснодир. Албатта, Раббим кечиримли ва раҳмли зотдир”. ( Юсуф сураси, 53-оят).
Нафси аммора бу нафс эҳтиёжи билан лиммо-лим тўлган инсондир. Бу даражадаги одам нафс эҳтиёжларини қондиришдан бошқа нарсани билмайди. Ейиш, ичиш, ухлаш бу нафс эҳтиёжидир. Шу сабабли инсон туғилган пайтида нафсул-аммора даражасида бўлади.
Маълумки, инсоннинг нафсул-аммораси инсоннинг ичидан гапиради. Вақти соати бўлганда у ичкаридан туриб: “Очқадим, овқат бер”, деган талабни қўяди. Овқат берилгандан сўнг эса: “ Чанқадим, сув бер” , деб ички бир нидо қилади. Ундан сўнг эса: “ Чарчадим, ухлайман “, деб айтади. Инсон ичкарисидан чиқаётган бу истаклари инсоннинг табиий эҳтиёжидир. Аллоҳ таоло инсонга нафс эҳтиёжларини бериб, уни талабларини қондиришни инсоннинг ўзига қолдирган. Бу қондириш ихтиёри ўз ҳолига ташлаб қўйилса, инсон нафс туфайли турли гуноҳ ишларни содир қилиши мумкин. Шу сабабли нафс гуноҳга ботмаслиги учун у поклик йўлидан юрмоғи лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “ Ахир биз унга икки кўз, тил ва икки лаб (ато) қилмадикми?! Ва Биз уни икки баландликка йўллаб қўйдик-ку!» Изоҳ. Яъни, Аллоҳ таоло инсонни яратиб, яхшилик йўлига юришга ҳам, ёмонлик йўлига юришга ҳам ихтиёр бериб қўйган.
Инсон поклик йўлидан бориб, ўз нафсини тарбиялаши, поклаши лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:“Дарҳақиқат, уни ( яъни ўз нафсини ) поклаган киши нажот топади”, дейди.(Шамс сураси, 9-10 оятлар).
Инсон ўз нафсини гуноҳлардан жиловлай бошлагач, инсоннинг нафси кейинги даражага кўтарилади. Бу нафснинг иккинчи даражаси бўлиб, у лаввома (ўзини маломат қилувчи) дейилади. Бу нафс тўғрисида Аллоҳ таоло:“ ... маломатчи нафс билан қасам этурман, ( қиёмат куни қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсиз)! ( Қиёмат сураси, 2-оят).Ҳар куни бу маломат қилувчи нафс инсонга панд-насиҳат қилади. Ва у:“Эй нафс, қачонгача гуноҳ лойига ботасан? Аллоҳнинг ҳузурига борганингда нима деб жавоб берасан?”, деб тергайди. Бу маломат қилувчи нафсни виждон ҳам дейиш мумкин. Чунки виждон ҳам инсонни терговчи ички ҳиссиётдир. Гуноҳ содир бўлганда инсоннинг виждони қийналади. Ва шу виждонига кўра ўзини гуноҳдан поклаб юрган одам виждони пок инсон ҳисобланади.
Инсон ўз нафсини гуноҳдан поклаб, нафс даражаларини юксалтириб борса, албатта нажот топади. Дунё тарихидан маълумки, инсоннинг бошига тушган кулфат- балоларнинг бари уларнинг қилган гуноҳлари туфайлидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:“Биз (уларнинг) ҳар бирини ўз гуноҳи билан тутдик. Бас, уларнинг орасида биз устига тош ёғдирганлар ҳам, улар орасида даҳшатли қичқириқ тутганлар ҳам,улар орасида биз ер юттирганлар ва улар орасида биз (сувга) чўктирган кимсалар ҳам бордир. Аллоҳ уларга зулм қилувчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм қилувчи бўлдилар” (Анкабут сураси, 40 –оят).
Кўп ҳолларда инсоннинг гуноҳдан покланмай юриши уни муваффақиятсиз йўлларга бошлайди. Гуноҳ барча азобнинг сабабчиси бўлса, гуноҳдан покланиш эса барча яхшиликнинг сабабчисидир. Тавба ва истиғфор гуноҳдан покланишнинг йўлидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Эй мўъминлар, барчангиз аллоҳ таолога тавба қилингизлар, шоядки нажот топсангизлар”. Шу ўринда Юнус (а.с.) қиссасини эслаб ўтсак, ўринли бўлади. Юнус (а.с.) Аллоҳ таолонинг рухсатисиз Шом мамлакатининг Найнаво шаҳаридан чиқиб, Тартиш (ҳозирги Тунис)га борадиган кемага чиқдилар. Аллоҳ таолонинг рухсатисиз шаҳарни ташлаб чиққан Юнус (а.с.)нинг гуноҳидан кема қаттиқ чайқала бошлади. Кемачилар Юнус (а.с.)ни кемадан сувга ташладилар, кеманинг чайқалиши тўхтади. Юнус (а.с.) ни эса сувдаги балиқ ютди. Юнус а.с. гуноҳларига тавба қилдилар, тавба туфайли гуноҳдан покландилар. Ва гуноҳдан пок бўлиш эвазига Юнус (а.с.) балиқнинг қорнидан нажот топиб, саломат чиқдилар. Шу сабабли нажот гуноҳлардан покланишдадир.
Инсон гуноҳ поклиги томон ҳаракат қилса, Аллоҳ таоло унга яхшиликлар ато этади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Агарда (ўша) юртларнинг аҳолиси иймон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва ердан барокатлар(эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик”, дейди. Инсон намоз, рўза, ҳаж, закот каби амалларни қилса ҳам гуноҳдан покланади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Ким рамазон рўзасини иймон билан ва савоб умид қилган ҳолда тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади”. ( Термизий ривояти).
Дунёда беайб, бегуноҳ зот ёлғиз Аллоҳ таолодир. Шуни учун халқимиз: “Беайб парвардигор” деб тилга олади. Албатта, бу дунёга инсон эса озми, кўпми, билибми, билмайми айб ва хатоларга йўл қўяди. Гап инсоннинг гуноҳ қилиши ёки қилмаслиги ҳақида эмас, балки гуноҳларини бўйнига олиб, тавба қилиб покланишидадир.
Ҳазрати Алишер Навоий бу дунёга келиб гуноҳдан покланмаган киши гўёки ҳаммомга тушиб, нопоклик (кир)дан покланмаган кишига ўхшайди, деб қуйидаги ёзадилар:
Камол эт касбким, олам уйидин
сенга бок ўлмагай ғамнок чиқмоқ.
Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ,
эрур ҳаммодин нопок чиқмоқ.
Рамазон ойи биз мўъмин-мусулмонларга покланиш учун берилган имкониятдир. Аллоҳ таоло бу ойдан гуноҳлардан покланган ҳолда чиқишни барчамизга муваффақ қилсин!
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоят вакиллик ходими