Камолот мезони
Шукр – инсоннинг Яратганни англаш даражасини кўрсатувчи муҳим мезон, одам фарзандларининг камолоти нечоғлик эканини белгиловчи асосий ўлчовлардан биридир. Шукр инсоннинг дунё ва охиратда азиз бўлишига, унга ато этилган неъматлар янада кўпайишига олиб келади. Бу фазилатдан бенасиблик эса инсонни барча яхшиликлардан мосуво қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, дея марҳамат қилади (Иброҳим сураси, 7-оят).
Мазкур ояти каримани Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Тафсири ҳилол”да қуйидагича изоҳлайди: “Шукр неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларни айтиш ва ул неъматни Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлашдан иборатдир. Берилган неъматга шукр этиш инсоннинг тўғри йўлда мустақийм эканини кўрсатади. Шукр қилувчи инсон Аллоҳ таоло ўзини доим кузатиб туришини ҳис этади ва неъмат етганда зоҳир бўладиган манманлик, исроф ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлади. Натижада ўзига берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларини кўпайтиради”.
Шукр қилинганда неъматларнинг зиёда бўлиши ҳақидаги Аллоҳ таолонинг ваъдаси фақат мол-дунёга ёхуд моддий бойликларгагина тегишли эмас. У инсоннинг умри-жонига, одамзод ҳаётининг моҳиятига ҳам бирдай алоқадор. Жумладан, улуғ мутафаккир Алишер Навоий Қуръони карим оятлари ва пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан илҳомланиб, инсоннинг ҳар бир нафасида икки неъмат борлиги, уларнинг ҳар бири учун шукр айтиш вожиб экани ҳақида мана бундай ёзади:
Бу икки неъматки намудордур,
Ҳар бирига шукр ери бордур.
Ҳазрат Навоий бу ўринда икки неъмат деганда биргина нафаснинг олиниши ва ўша нафаснинг қайтиб чиқишини назарда тутган. Дарҳақиқат, биргина нафаснинг инсон вужудига кирмаслиги ёхуд қайтиб чиқмаслиги уни ҳаёт деган бебаҳо неъматдан жудо қилиши мумкин.
Шукрнинг энг юксак даражаси ҳар қандай шароитда, ҳатто бошига мусибат тушганда ҳам шукрона туйғуси билан яшай билишда намоён бўлади. Бунга исломият тарихида замондошларимиз учун ҳам ибрат бўларли мисоллар кўп. Жумладан, машҳур аллома Имодуддин Исмоил ибн Умар – Ибн Касир оиласининг қисмати бунга яққол ва таъсирчан мисол бўла олади.
Ибн Касирнинг мураттаб қори даражасига етган, маънан комил, жисмонан етук акаси айни балоғат ёшида вафот этади. Отаси Умар бу оғир мусибат онларида ҳам, бир лаҳза бўлсин, Аллоҳга шукр айтмоқни ёддан чиқармайди. Мусибатни шукр ва сабр билан қарши олади, шукр ва сабр билан енгади. Орадан муайян фурсат ўтиб, оилада янги фарзанд – Имодуддин таваллуд топади. Аллоҳ таборак ва таоло бу оилага мураттаб қори ўрнига уч илм эгаси – ҳофизи каломуллоҳ, муфассир ва муҳаддис фарзандни ато этади.
Ислом таълимотида неъматларга шукр қилиш улуғ фазилат ва юқори даража экани алоҳида қайд қилинган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Шукр қилиш имоннинг ярмидир”, деган эканлар. Бошқа бир ривоятда эса “Имон - сабр ва шукрдан иборат” дейилган.
Буюк бобокалонимиз Қаффоли Шоший ўзининг машҳур “Жавоми ул-карим” китобида келтиришича, “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Неъматлар ҳақида гапиришлик шукр қилишликдир” деганлар.
Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини қарангки, У берган неъматларига шукр айтувчи бандаларига беадад мукофотлар ваъда қилиш билан кифояланмасдан уларга улуғ ажру савоблар беришини ҳам кафолатлаган. У зот айтди: “...Шукр қилувчиларни эса, албатта, мукофотлаймиз”.
Дарҳақиқат, Аллоҳ берган беҳисоб неъматлари ичида энг улуғларидан бири тинчлик ва хотиржамликдир. Албатта, бу дунё синовли дунё. Унинг синовларидан ўтиш учун ҳамма нарсага шукр қилиб, сабр билан яшаш лозим. Ҳақиқий мўмин доимо шукр ва сабр билан яшайди.
Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.): "Аллоҳ таоло бандага каттами кичикми, бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун Аллоҳга ҳамд бўлсин деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади", дедилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси,
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби
Муҳаммади ҚОРАЕВ