1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“Диёрлар масаласи”ни нотўғри талқин қилманг

4-04-2023, 09:45 159 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар Муҳаммад алайҳис-саломга дуруд ва саловатлар бўлсин!   Аллоҳ таоло энг сўнгги ва мукаммал дини бўлмиш Исломни бир киши (яъни Муҳаммад алайҳис салом) орқали бутун оламга ёйди. Ислом ҳақиқат,адолат, поклик ва икки дунё нажоти каби ғоялари билан аксарият халқларнинг қалбига ўрнашди. Бугунги кунда Ислом дини кириб бормаган мамлакат қолмади.  
                        Ислом динига кўплаб кишиларнинг кираётганини  кўра олмаётган айрим кучлар жуда узоқ парда ортидан туриб айрим саводсиз мусулмонлардан жамоатлар ташкил қилиб, ўзбилармонлик қилган ҳолларида шариат ҳукмларини талқин қилишда жиддий хатоларга йўл қўмоқдалар.  Ана шу хатоларидан бири уларнинг мусулмон диёрларини ҳам “Бугун бирор диёр Ислом диёри эмас, ҳаммаси куфр диёри ҳисобланади, деган даъволаридир. Ислом диёрларини куфр диёларига айблаб, у ерда яшаётган мусулмонларни у ердан ҳижрат қилиб чиқишга даъват қилмоқдалар.  Бу хато тушунчалар ўта хатарли ҳисобланади. Чунки бу хато тушунчалар оқибатида мусулмоннинг қони ва молини ҳалол санаш каби ҳолатлар вужудга келади. 
      Минг таассуфки, бизининг диёримизда   ҳам бу хато даъволарга тарафдор    билимсизлар йўқ дея олмаймиз. Аммо бу масалада ҳақиқатни баён қилиш биз аҳли илмнинг бурчимиз бўлганлиги боис қуйида қисқа бўлсада динимизда Ислом диёри ва куфр диёри борасида айтилган маълумотлардан айримларини келтириб ўтамиз.
      Пайғабар алайҳис саломдан ислом ва куфр диёрлари масаласида ҳадислар,   саҳобалардан бу ҳақида асарлар келган. Бу ҳақида келган далилларни барчасини жамлаб ўрганган ислом уламоларимиз   диёрларни икки қисмга  бўлинишига иттифоқ қилганлар.  Бу икки қисм қуйидагича: 
  1. Ислом диёри;
  2.  Куфр диёри. 
     Ислом диёри – мусулмонлар унда (яшаб) тушиб уларга бўйсўнган, ислом аҳкомлари жорий бўлган, куч қувват мусулмонларда бўлган ўлкаларга айтилади. 
    Куфр диёри   - ғайри исломий ҳукмлар жорий ва устивор бўлган, султони бўлмаган ва айрим қисми мусулмонлар бўлсада аммо  куч қувват уларда бўлмаган ўлкаларга айтилади.
     Ислом диёрлари куфр диёрларига айланиши борасида ислом фақиҳлари томонидан тўрт хилдаги фикрлари собит бўлган.
Биринчиси: Ислом диёри бўлиб собит бўлган диёр агар унга кофирлар эгалик қилсалар ҳам ва дининг аломатлари ўчиб кетса ҳам  куфр диёрига айланмайди.  Бу гапни Шофеъий мазҳаби уламолари айтишган.
Уламолардан Ар Ромлий “Ниҳоя ал Муҳтож” номли асарда шундай деганлар: Қадим замонлардан бери мусулмонларга маскан бўлса ва бу диёрга кофирлар ғолиб бўлиб қолса ҳам бу диёр ислом диёри бўлиб қолаверади. Мисол учун, Қуртуба диёри. У кофирларга ўтиб кетган бўлса ҳам қадимдан мусулмонлар эгалик қилгани боис барибир ислом диёри ҳисобланади.
Иккинчиси: Мушрикларнинг тамомила ғолиблигига далолат қиладиган учта шарт топилсагина ислом диёри куфр диёрига айланади. Бу сўзни мазҳаббошимиз Абу Ҳанийфа роҳматуллоҳи алайҳ айтганлар. Ҳанафий мазҳаби уламоларидан Тамартоший роҳматуллоҳи алайҳ “Танвирул Абсор” китобидан қуйидаги сўзларни келирганлар: 
Ислом диёри уч шарт тўла жамланиб топилсагина куфр диёрига айланади. 1. Ширк аҳлининг ҳукмлари жорий бўлиши, 2. Куфр диёрига черадош бўлса. 3.  Бирорта мусулмон омонда бўлмаса, бирорта зиммий аввалги берилган омонликдек омонда бўлмаса. 
Учинчиси: Ислом диёри модомики унда мусулмонлар ислом шиорларини қоим қилиб турар эканлар кофирлар эгалик қилиб олсалар ҳам, ўз ҳукмлари билан ҳукм қилсалар ҳам куфр диёрига айланмайди. Моликий мазҳаби уламоларидан бўлмиш Дасуқий роҳматуллоҳи алайҳ Шарҳул кабир китобининг ҳошиясда қуйидаги сўзларни келтирганлар: Ислом диёри  куфр аҳлини биргина  уни эгаллаб олишлари билангина куфр диёрига айланиб қолмайди. Қачонки ислом диёрида ислом шиорлари тугаб битса куфр диёрига айланади. Аммо ислом шиорлари давом этиб турса ёки ислом шиорларининг кўпи давом этиб турса куфр диёрига айланмайди. 
Тўртинчиси: Ислом диёри қачонки унга куфр аҳли эгалик қилса ва уларнинг ҳукмлари ғолиб бўлса куфр диёрга айланади. Бу Абу Ҳанийфаниниг икки шогирди имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммаднинг ҳамда ҳанбалия мазҳабининг айрим уламоларининг сўзидир. 
     Бу ислом диёри ва куфр диёри масаласидаги фақиҳ уламоларининг узундан узоқ баҳсларидан олинган қисқартирмадир. Бу саҳоба ва тобеъинлардан кейинги ижтиҳодда келган масала бўлиб қатъий далил собит эмас.
     Аммо   бу ижтиҳодларнинг  орасидан шариатимиз аслига ва мақсадларига яқинроғи  бу “Ислом диёри қачонки унда куфр аҳли ёки муртадлар ғолиб бўлсалар ва уларнинг ҳукмлари ҳам ғолиб бўлса, ундан дин аломатлари ҳамда зоҳирий исломий шиорлар ўчиб кетса ана шундагина куфр диёрига айланади” деган фикрларидир. 
     Аммо аҳли куфрнинг ҳукмлари ғолиб бўлмаса ёки  азон,  жумъа, жамоа, икки ийд намозлари, рўза ва шу каби исломнинг зоҳирий шиорлари қолган бўлса, уларнинг султони шариат аҳкомлари билан ҳукм қилмаса ҳам куфр диёрига айланмайди.
     Аҳли сунна вал жамоа уламолари шуни таъкидлайдиларки,Ислом шариати бир диёрни ислом диёри эканлигига далолат қиладиган, уни куфр диёридан ажратиб турадиган зоҳирий шиорларни санаб ўтган . Ҳеч шак шубҳа йўқки, азон, жумъа ва жамоат намозлари ва унга одамларни қизиқтириш  шу диёрда исломни маҳкам ўрнашганига далолат қилади.
     Фатҳул Борийда Ибн Ражаб роҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги сўзлари келтирилади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам азонни куфр диёри билан ислом диёрини ажратувчи қилган эдилар. Агар бирор диёрда азон эшитсалар уларнинг қони ва молидан четланар эдилар.”
     Ибн Абдул Барр “Изтизкор” номли китобда шундай сўзлари келтирилади “ Албатта азон ислом диёри билан куфр диёрини ўртасини ажратиб туришга далолат қиладиган аломат ҳисобланади”. 
Дуррул Мухторда уламоларимиздан Ал- Ҳаскафийнинг қуйидаги сўзлари келтирилади: “ Куфр диёрида ислом ҳукмлари юритилиши билан ислом диёрига айланади, жума ва ийд намозлари сингари”.  
   Ислом ва куфр диёри масалаларига тааллуқли бўлган барча маълумотлар мана шулардан иборат дея олмаймиз. Бир мақола бу ҳақидаги маълумотларни ўз сиғимида ола олмайди,  албатта.  Лекин, барча далилларни жамлаб, бу масалани атрофлича ўрганиб чиққан уламоларимиз, бугунги замонамизда умуммусулмон ўлкаларнинг  ҳолатларида  кўплаб ўзгаришлар содир бўлган бўлса ҳам,  кўплаб ҳукмларида исломий бўлмаган ҳукмлар аралашган бўлса ҳам  куфр диёрларига айланган эмаслар, деган хулосага келганлар.  
     Адашган гуруҳларнинг “Ҳозир ҳамма мусулмон диёрлар куфр диёрига айланган” деган тушунчаларига келсак,  муҳақққиқ уламолар бу гапни шариатга хилоф, мункар гаплигини таъкидлайдилар. Бу гаплари қадим ислом уламоларининг ислом диёрлари  куфр диёрларига айланиши борасидаги  масалаларининг бирортасига мувофиқ келмаган. 
     Бугунги замондаги   айрим   мутаассиб гуруҳлар ислом ва куфр диёрлари масаласига ғулув кетишиб   шариат   мақсадларидан четга чиқиб қолганлар. Бу адашув ва ғулувлари оқибатида ер юзидаги жамийки мусулмон ўлкаларни ҳатто, ҳадисларда қиёмат кунига қадар ислом диёри бўлиб қолишлиги  башорат қилинган  Макка ва Мадинани ҳам куфр диёри деган бузуқ “фатво”ларни ҳам беришга бориб етдилар ҳамда мусулмон диёрларида эмин эркин динларига амал қилиб яшаётган  мусулмонларнинг қони ва молини ўзларига ҳалол санамоқдалар.  Бу билан эса шариат олдида ўзларини ҳам, мусулмонларни ҳам буюк хатарга қўймоқдалар. 
     Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, биз мўмин мусулмонлар бундай хато “фатво”ларга алданиб қолмаслигимиз,  динда  билмаган нарсамизни аҳли илмдан маслаҳат қилиб ечиб олишимиз лозимдир. 
 
                                   Раҳматилло УСМОНОВ, 
                   Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 
                   Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби