РАМАЗОН – ФАЗИЛАТЛИ ОЙ
8806
4-04-2023, 10:35
246
Ўқиш режими
+
-
Маълумки Аллоҳ еру-осмонни яратгандан бери бир йилни ўн икки ойдан иборат қилди. Динимизда мана шу ойларнинг ўзига яраша файзи баракоти зикр қилинган бўлиб, рамазон ойи улар ичида алоҳида ажралиб туради. Қуйидаги ҳадиси шарифда ушбу ойнинг фазилати зикр қилинади.
Салмон форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи охирида бизларга хутба ўқидилар: «Эй инсонлар! Улуғ муборак ойсизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таъоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойдаги фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарзни адо этса, (бошқа ойдаги) етмиш фарзни адо этгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишини ризқи зиёдалашади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларини кечирилишига ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади», дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Менинг умматимга олдинги умматларнинг бирортасига ато қилинмаган бешта хислат берилди:
- Рамазон ойининг аввалги кечасида Аллоҳ таъоло уларга раҳмат назари билан қарайди. Аллоҳ қайси бандасига раҳмат назари билан қараса абадий азоб қилмайди.
- Аллоҳ малоикаларига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати учун истиғфор айтишни буюради.
- Рўзадор кишининг оғзидан чиққан ҳид Аллоҳ наздида мушки анбардан ҳам хушбўйроқдир.
- Аллоҳ таъоло жаннатга «Зийнатлан» деб буюради ва сўнг «Мўмин бандаларимга жаннат бўлсин, улар менинг дўстларимдир», дейди.
- Аллоҳ таъоло уларни мағфират қилади.
Ушбу ҳадислардан ҳам кўриниб турибдики, рамазон ойида мўминларни ризқи зиёда бўлишидир. Бу йилги рамазон ойида Муҳтарам Давлатимиз раҳбарини ташаббуслари билан маҳалла-гузарларда рўзадор фуқароларга ифторлик қилиб берилиши бу юртда яшовчи фуқароларга ҳамиша эътибор берилиши ва уларнинг қадри улуғ эканлигидан далолатдир.
Рамазон ойи келиши билан юртимиздаги деярли барча масжидларимизда таровеҳ намозида хатми қуръонлар қилиниши барча мўмин-мусулмонларнинг хурсандчиликларини зиёда бўлишига сабаб бўлмоқда. Бу ойда қилинган ибодатлар лайлатул қадр кечасига қилинган зикрлар минг ойдан кўра савоби улуғроқ бўлади. Бу ойни барчамиз қадрли билиб, асло савобидан четда қолмайлик!
А.Ганжиев
Ғузор тумани бош имоми