Мана Рамазон ойи ҳам ўтиб бормоқда. Рамазон ойида Аллоҳнинг биз мўмин-мусулмонларга фарз қилган рўзасини адо қилмоқдамиз. Аллоҳ таоло !Қуръон Карим”да шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
(سورة البقرة/183).
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Дуо ҳам ибодатдир. Дуо – ибодатнинг мағзи, мўмин бандани Парвардигори билан боғловчи восита. Аллоҳ таоло унга дуо қилиб, илтижо қилишларини яхши кўради ва дуоларни кўплаб қабул қилади. Айниқса Рамазон ойида дуолар ижобат бўлишига ишоралар бор. Рамазон рўзаси ҳақидаги оятлардан кейин қуйидаги оят келади. Аллоҳ таоло шундай дейди:
إِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ ۖ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ ۖ فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ
яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар” (Бақара сураси 186-оят).
Оятда мўминлар учун улкан башорат бордир. У ҳам бўлса – дуо ва илтижо қилувчиларнинг сўровларини ато этишга берилган илоҳий ваъдадир.
Дуолар ижобат бўладиган бугунги кунларда Юртимиз тинч, мамлакатимизни янада обод бўлишини, ибодатларимизнинг мақбул бўлишини Аллоҳ таолодан сўраймиз. Аллоҳ таоло барчамизга икки дунё саодатини ато қилсин!
Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими