Интернет тармоқларида ўзгаларни куфрда айбламоқчи бўлган кишиларни учратиш мумкин. Ўзгани бир нарсада айблашдан кўра ўзимизнинг айб-хатоларимиз устида ишласак яхши бўлар эди.
Ислом дини ўзгани мўъмин эмасликда, куфрга чиқаришдан қайтаради. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда, аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, – демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир” ( “Нисо” 94-оят).
Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар киши биродарига “Эй кофир”, – деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади”(Имом Бухорий ривояти).
Ва яна Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай деганлар: “Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”.
Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра бирор-бир аҳли қибла бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир. Абул Ҳасан Ашаърий айтади: “мен аҳли қибладан бирортасини кофирга чиқармайман. Чунки уларнинг барчалари ёлғиз маъбудга ибодат қиладилар”.
Аллоҳ таоло барчамизниЎзининг ҳақ йўлида бардавом қилсин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими