Луғавий жиҳатдан “ният” сўзи “қасд қилиш” деган маънони англатади. Истилоҳий жиҳатдан эса Инсон қалбининг бир ишни қилишга азму қарор ила қасд қилиши ният дейилади. Ният аслида қалбда бўлиши керак. Қалбда ният бўлмаса, тили билан айтиш кифоя қилмайди.
Рамазон рўзасининг нияти фарз амал ҳисобланади. Рўза тутиб, ният қилмаса, рўзанинг фарзини тарк қилган бўлади. Рўзанинг фарзини тарк қилиш эса ўша рўзанинг қабул бўлмаслигини келтириб чиқаради.
Маълумки, Рамазон рўзасини тутгунча “Навайту ан асума савма шаҳри Рамазона минал-фажри-илал-мағриби, холисаллиллаҳи таоло, Аллоҳу акбар” деб ният қиламиз. Ушбу ниятни қайси пайтда қилиш фазилат ҳисобланади?
Рамазон рўзасининг ниятини кечаси, яъни тонг отмасдан олдин қилиш фазилат ҳисобланади. Мабодо, ухлаб ёки эсдан чиқиб рўзининг нияти қилинмай қолса, ўша куни заволга (пешин)гача ният қилса ҳам дуруст бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизнинг тутаётган рўзаларимизни Ўз даргоҳида мақбул айласин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими