Рамазон ойи сабр ойидир. Бу ойда Аллоҳ таоло учун нафсимизни жиловлаймиз. Бу ойда ейиш, ичишдан ва шаҳвоний яқинликдан тийилиб Аллоҳ таоло учун сабр қиламиз.
Сабр-ўзини қўлга олиш, ўзини тийиш демакдир, лекин ўзини қўлга олиш, ўзини тийиш ҳар хил ўринда келгани учун номлари ҳам турлича бўлади
Сабрли инсон шошқалоқ бўлмайди, балки Аллоҳ Таолонинг марҳаматини сабр ва дуо билан кутади. Инсон ихлос билан сўраса албатта ижобат бўлади, фақат унинг сўраган нарсаси тақдирда белгилаб қўйилган муддатда амалга ошади. Баъзиларники олдинроқ, баъзиларники кейинроқ. Лекин шуни унутмаслигимиз керакки ҳар бир ишда Аллоҳ Таолонинг ҳикмати бор.
Баъзилар:”Сабр – ўзини бетоқатлик ва ғазабдан, тилни шикоятдан, аъзоларни тартибсизлик ва парокандаликдан тийиш” дейдилар. Аллоҳ Таоло Айюб алайҳис саломни мақтаб шундай дейди:”
Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилувчи деб топдик”.(Сод. 44) Аллоҳ Таоло: “Айюбнинг эса Роббига нидо қилиб:”( Эй Роббим!) Менга мусибат етди. Ўзинг раҳимлиларнинг раҳимлироғисан”, - деб илтижо қилган пайтини (эсланг!)” деди.Бундан билинадики, агар инсон Роббисига дардини айтиб шикоят қилса унинг сабрига путур етмайди. Сабрнинг маъносини баъзи уламолар турлича ифодалайдилар:
1. Сабр – инсонни ёмон ишлардан тўсувчи юксак хулқдир;
2. Сабр – инсоннинг ишини ва ҳолатини ислоҳ қиладиган қувват манбаидир;
3. Сабр – мусибатларни гўзал одоб ва кенг қалб билан кутиб олиш;
4. Сабр – изтироб ( безовталик, тартибсизлик, иккиланиш) келган пайтда қалбнинг собитлигидир;
5. Сабрнинг 3та тури бўлиб улар;
6. Тоат ибодатда сабрли бўлиш;
7. Гуноҳдан тийилишда сабрли бўлиш;
8. Мусибатларга сабр қилиш.
Тоат ибодатни адо қилишда, яхшиликларга шошилишда нафс анча тиришмоғи керак, мана шу ибодатларни бажаришда у сабрга муҳтож. “(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз”(Бақара сураси, 45-оят),“(У) осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг мураббийсидир. Бас Унга ибодат қилинг ва ибодатига сабр тоқатли бўлинг!”, (Марям сураси 65-оят)
Инсон мусибатларга сабр қилиши лозим, зеро Қуръон ва ҳадисда мусибатга сабр қилувчиларни мақталган:”Сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда:” Албатта биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, - дейдилар. Айнан ўшаларга Роббилари томонидан саловат ( мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар ҳидоят топувчилардир”. ( Бақара сураси 155 – 157 оятлар).
Хулоса қилиб айтамизки, Рамазон ойларида қилаётган сабрларимизга Аллоҳ ажр-савоблар ато қилсин! Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига еткарсин!
Муҳаммади ҚОРАЕВ,
ЎМининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик
Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.