Ризқ тимсоҳнинг тишлари орасида
8857
13-04-2023, 10:21
233
Ўқиш режими
+
-
Барча жонзотларнинг ризқини Аллоҳ беради. Аллоҳ ўзи хоҳласа, ризқни кенг қилади, хоҳласа тор қилиб қўяди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: «Албатта, Роббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва тор қилур. Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У Зот тўлдирур. У Зот ризқ берувчиларнинг яхшисидир» (Сабаъ сураси, 39-оят).
Ҳар куни барча жонзотларга Аллоҳ таоло ризқ улашади. Ҳар кимга ризқни Аллоҳ таоло ҳар хил тарзда етказади. Биров ризқини кутган жойдан олса, бировга эса ризқ кутмаган жойдан келади.
Бу дунёда ризқ бериш тадбирини ҳам Аллоҳ таоло жуда чиройли қилиб ташкиллаштириб қўйгандир. Агар дунёдаги жонзотларга ризқ келишини кузатсак, қизиқ нарсаларга гувоҳ бўламиз.
Денгизларда яшайдиган тимсоҳлар тишлари орасига кириб қолган гўшт туфайли уларнинг тишлари оғрир ва бу оғриқдан улар оғизларини катта очар эканлар. У ерда бир тоифа қушлар тимсоҳнинг очиқ оғзига кириб, тимсоҳ тишлари орасидаги гўштларни териб ейишади. Аллоҳ таоло тимсоҳга тиш оғриғи бериб, қушларга ризқ улашади. Қушларга ризқ улашиши билан эса тимсоҳларни дарддан холос қилади. Мана шундай ажойиб усул билан Аллоҳ ризқ ва дардга шифо йўлларини очади.
Аллоҳ таоло “Қуръони каримда шундай дейди:”«Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир» (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).
Тўла-тўкис ризқ ва уни санъаткорона бизга етказиб турган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар бўлсин!
Р. Акбаров, ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими