Дарҳақиқат, лайлатул-қадр кечаси фазилатли кечадир. Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга) қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил алайҳиссалом) Парвардигорларининг изни ихтиёри ила (йил давомида к;илинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар. У (кеча) то тонг отгунча тинчлик- омонликдур» (Қадр сураси, 1-5-оятлар).
Маълумки, улуғ кеча Рамазон ойининг 27-кечаси эканига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уни аниқлаб айтиб беришларини кўп сўраганларидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигида, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар. Демак, у кечада қилинган тоат-ибодат ҳам минг ойлик ибодатдан яхшироқ бўлади.
Уламолап бу хусусда бундай фикрлар билдирадилар;
Биринчиси - унинг нозил килинишини ўзига нисбат берган ва ўзигагина хослангандир, яъни, «Биз нозил қилдик», деган.
Иккинчиси - исми зоҳир билан эмас, замир билан келтирди. Яъни, «Уни», деди. Бу араб тили қоидасига кўра Қадрнинг баландлигига гувоҳлик бериш ҳисобланади.
Учинчиси - уни нозил қилган вақтнинг қадрини баланд қилди, яъни Қуръон нозил бўлган кечани қадрли қилди».
Бу кечанинг яна бошқа хислатлари ҳам борки, у ҳақда қуйидаги ҳадисларда баён қилинади.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Аллоҳ таоло бу кечада то келгуси сананинг шу кечасигача бўладиган, бандаларга тааллуқли барча ишлар ҳақида ҳукм қилур! «Қадр деб номланишидан мурод (яъни, олдиндан белгилаш, аниқлаш, тақдир, қисмат, деган маъноларни англатади), чунки бу кечада шу йилдан келгуси йилгача бўладиган ишлар, ҳукмлар, ризқлар, ажрларнинг миқдори ўлчанади, белгиланади.
Аллоҳ бир йиллик тақдирни фаришталарга билдиради ва бу йил тақдир қилинган нарсаларни уларга ёзиб қўймоқликни амр-фармон этади. Бу тақдирларни битиб қўяди, дегани эмас, чунки Аллоҳ таоло осмонлар-у ерни яратишдан аввал уни ёзиб қўйгандир. Шу йили бўладиган ишлар тақдирини ёзгувчи фаришталар азоб ва раҳмат дафтарини Жаброилга (алайҳиссалом) беришади. Ўсимликлар, ризқлар дафтарини Микоилга (алайхҳиссалом) беришади. Ажаллар дафтарини ўлим фариштасига беришади.
Баъзи уламолар: «Қадр сўзи «тор» деган маънода бўлиб, шу кеча тушган фаришталарнинг кўплигидан ер торайиб қолади», деган фикрни билдиришган.
Аллоҳ таоло барчамизга Лайлатул-қадр кечасининг фазилатларидан баҳраманд бўлишни муяссар айласин!
А.Ганжиев
Ғузор тумани бош имом хатиби