Инсонларда кўп учрайдиган қалб касалликлари ва ёмон иллатлардан бири – ўзгаларга нисбатан қиланадиган ёмон гумондир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ёмон гумон қилишни қаттиқ қоралаган. У зот “Ҳужурот” сурасида шундай марҳамат қилади: Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. “(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин” (12 - оят).
Ояти каримада мўьминларни, жамиятдаги тартиб – интизомини издан чиқарадиган, меҳр – оқибатни йўқолишига ва кўп фитналарга сабаб бўладиган иллатдан қайтарилмоқда. Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир – биридан ёмон гумондан келиб чиқади. Ундан сақланиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.
Бир одам ҳақида ноўрин хаёлларга бориш ва у ҳақида ёмон фикрда бўлиш катта хатодир, чунки гумон ҳеч қачон ҳақиқат бўла олмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: Уларнинг кўплари гумонга эргашадилар, холос. Албатта, гумон ҳақ ўрнида ҳеч нарса бўла олмас. Албатта, Аллоҳ таоло нима қилаётганларини билувчи зотдир. (Юнус сураси – 36-оят)
Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “ёмон гумондан сақланинг. Албатта, ёмон гумон энг ёмон ёлғончиликдир” – дедилар. Ёмон гумон энг катта ёлғон экан, бу иллат охир – оқибат инсонни гуноҳкор бўлишига сабаб бўлади.
Инсоннинг хаёлидан кечадиган ёмон гумонлардан холи бўлиш учун аввало уни ҳақиқатга чиқармаслик ва уни орқасидан эргашмаслик лозим. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Умматимнинг ажралмас учта хусусияти бор: шумланиш, ҳасад ва ёмон гумон” – дедилар. Шунда бир саҳобий “Ё Расулуллоҳ кимда шу хислатлар бўлса, қандай кетказади.” – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қачон ҳасад қилсанг, Аллоҳга истиғфор айтгин, қачон гумон қилсанг, уни тасдиқламагин, қачон бир нарсадан шумлансанг, (унга парво қилмай) ўз ишингда давом этавер” – деб жавоб бердилар.
Мўмин киши бошқаларда ёмон ўй қолдирадиган ишлардан ҳам сақланиши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида эътикофда бўлганларида ҳузурларига София онамиз (розияллоҳу анҳо) келдилар, бироз гаплашиб, сўнг уйга қайтиш учун турдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамизни қоронғу тунда кузатишга чиққанларида, у ердан ансорлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар. Шунда у зот “Икковингиз шошилманг, бу (аёл) София менинг хотиним” – дедилар. Саҳобалар ҳайратга тушиб: “Эй Аллоҳнинг расули, бизни сиз ҳақингизда ёмон ўйлашдан Аллоҳ сақласин” – дейишганда у зот: “Албатта, Шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор ёмонликни отишидан қўрқдим” – дедилар.
Бундан кўринадики, кишилар кўнглига ёмон гумон келтириши мумкин бўлган ишларда эҳтиёт бўлиш керак экан, акс ҳолда ёмон бир фитнага тушиб қолиш ҳеч гап эмас.
Гўзал фазилатлардан бири бошқалар тўғрисида ёмон гумондан сақланишдир. Кишилар бир – бирларига нисбатан яхши ўйда, очиқ юзли бўлишлари лозим. Муқаддас динимиз нақадар фазилатли эканини яна шундан ҳам билиш мумкинки, бир хонадонга келган одам, албатта рухсат сўраб кириши лозим. Ҳадисларда баён қилинишича, келган одам хонадон соҳибларини уч марта чақириши мумкин. Ҳар бир чақириқ орасида тўрт ракат намоз ўқиш муддатича кутилади. Бунинг ҳикмати эса, хонадон соҳиби намоз ўқиётган бўлиши мумкин деб, яхши гумон қилиш ва намозни якунлаб, жавоб беришини кутиш демакдир.
Хулоса ўрнида Ҳазрат Умар (р.а) айтган насиҳатларини келтирамиз: “Мўмин биродаринг оғзидан чиққан сўздан фақат яхши гумон қилгин. Чунки сен ўша сўзни (ёмон бўлса ҳам) яхшиликка йўйишга имкон топасан”.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан”, дедилар”.
Аллоҳ Таоло солиҳ ишларда, тақвода мусобақа қилишга чақирган, бироқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ишда ҳасад билан, бахиллик билан ким ўзарга мусобақалашишдан қайтарибдилар. Бу адоват, гина-кудурат келтириб чиқариб, жамиятга катта зарар етказадиган амалдир.
Бир-бирининг зиёнига турли тадбирлар, ҳийла-найранглар қилиш ҳам ҳеч қачон яхши ният билан қилинмайди. Бу нарса иккинчи томоннинг ҳам худди шу ишни қилишига туртки бўлади, натижада яна мўмин-мусулмонлар бир-бирининг оёғига болта уришга тушадилар.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Нарсаси ўғирланган ҳадеб гумон қилаверса, ўғридан ҳам (гуноҳи) катта бўлиши мумкин”. Демак, бир киши бир нарсасини ўғирлатиб қўйиб, ҳаммадан гумон қила бошлайди. Агар шу тарзда давом этаверса, унинг гуноҳи буюмини ўғирлаган ўғрининг гуноҳидан ҳам оғир бўлиб кетар экан. Чунки у гумон қилган кишиларнинг биттасигина ўғри бўлиши мумкин, қолганлари бегуноҳ бўлади. Уларни йўқ нарсада гумонсираб, асоссиз айблаш ана шундай оғир гуноҳ ҳисобланади.
Билол ибн Саъд Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Муовия Абу Дардога мактуб ёзиб, менга Дамашқнинг фосиқларини ёзиб юбор, деди. Бас, у: “Дамашқнинг фосиқлари билан ишим йўқ. Уларни қаердан биламан?” деди. Шунда ўғли Билол: “Уларни мен ёзаман”, деди ва ёзди. “Сен уларни қаердан билдинг? Улардан бўлганинг учун фосиқликларини билгансан. Ўзингдан бошлаб ёз”, деди. Уларнинг исмларини юбормади”.
Ушбу ҳадисдаги нозик масалага эътибор қаратиш керакки, бир кишини фосиқ дейишда эҳтиёт бўлиш керак экан. Биров ҳақида ёмон гумонда бўлишнинг ўзи бир гуноҳ бўлганлиги учун, ёмон амални кўрган киши аввало ўзини, қолаверса бошқаларни ана шундай гуноҳлардан халос қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилиши ва кўнгилни кенг олиш керак экан. Бировларни бирор бир айбда гумонсираб юриш яхши иш эмас.
М. Қораев
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакил ўринбосари
Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби