Мана Рамазон ойи ҳам тугаб, худо хохласа, Ҳайит ойига ҳам етиб келдик. Бу йил Рамазони ойи ўзгача файз, ўзгача тароват билан кириб келди. Рамазон ойининг кириб келишида муҳтарам Президентимизнинг муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш тўғрисидаги қарорлари бу табаррук ойининг файзига файз қўшди. Чунки Рамазони шариф ойининг кириб келиши Давлат раҳбарининг эътиборида бўлиши бу мўъмин-мусулмонларга эътибор демакдир.
Рамазони шариф-хайру-эҳсон, хайру-саховат, яхшиликлар ойидир. Шуни назарда тутган ҳолда бу йилги Рамазони шарифда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан кам таъминланган оилаларга ифторлик дастурхонлари ёзилди. Бу хайрли амал ҳам динимиз кўрсатмаларига, ҳам халқимиз анъаналарига тўла мутаносиб десак муболға бўлмайди. Бу ифторлик дастурхонларида имом-хатиблар қатнашиб, ўксик қалбларнинг хурсандчилигига шерик бўлдилар. Ифторлик вақти дуолар ижобат бўладиган фурсатдир. Ана шу фурсатларда ифторликдан баҳраманд бўлган фуқароларимиз имом-хатиблар билан биргаликда хайрли дуоларда бардавом бўлдилар. Улар бу хайру саховатга бош-қош бўлганлар ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Пайғамбаримиз (с.а.в,) “Рамазон шариф умматимнинг ойидир” деган муборак ҳадислари мазмунига мувофиқ бу йилги Рамазон ойида юртимизда ҳақиқий хурсандчилик бўлди. Президентимизнинг ташаббуслари билан кам таъминланган фуқароларимиз Умра зиёратига боришди. Улар Умра зиёратини амалга оширар эканлар, кўзларида қувонч ёшлари билан хайрли дуолар қилишди.
Бу йилги Рамазон ойида хатму-қуръонларнинг юртимиздаги масжиддарда бир кунда бошланиб, бир кунда тугаши ҳам ўзгача тароват касб этди. Чунки мамлакатимиз мўъмин-мусулмонлари диёримизнинг қайси бурчагида бўлишмасин ўттиз пора Қуръони Каримни тўлиқ хатм қилиш бахтига муяссар бўлдилар. Шунингдек, хатму-қуръонларнинг Рамазоннинг муборак кечаларида бўлиши, дуолар ижобат бўладиган фурсатларда бутун юртимиз миқёсида мўъмин-мусулмонлар масжидларда йиғилиб дуойи хайрлар қилишлари бу юртимиз тинчлиги, халқимиз фаравонлиги, фарзандларимиз камоли, бир сўз билан айтганда нимаки яхши тилаклар бўлса уларнинг ижобатига боис бўлиши, шубҳасиз.
Маълумки, “Рамазон ҳайити” Рамазон ойида бир ой рўза тутиб, Аллоҳнинг фарзини бўйиндан соқит қилинганлиги туфайли қилинадиган байрам, тантанадир. Рамазон ҳайити яқинлашиб келаётган кунларда яшаб турган маҳалла, ҳовли ва хонадонларни тоза –озода, саронжом –саришталигига эътибор бериш яхши хислатлардандир. Ҳайит байрами яқинлашиб келаётган кунларда тоза ва чиройли либослар кийиб, хушбўйланиш ҳам фазилатли ишлардан ҳисобланади. Халқимизда янги унаштирилган қизларга йигитлар томонидан ҳайитликлар олиб борилади. Эрта ҳайит деган оқшомларда аёл ва қизларимиз қўлларига хина, кўзларига сурмалар қўядилар. Бу билан улар ўзларида ҳайит хурсандчиликларини намоён қиладилар.
Ҳайит куни тонгда тамадди қилиш, тишларни ювиш, ювиниш (ғусл), тоза-озода либосларни кийиш, хушбўйланиш, фитр-садақалар бериш фазилатли амаллардан ҳисобланади.
Ҳайит кунлари инсонларнинг бу муборак кун билан бир-бирларини қутлашлари, ота-она ва устозларни зиёрат қилиб, уларнинг дуолари олинади. Ҳайит кунлари узоқлашиб кетган қариндошларни йўқлаш, айрим хато ва камчиликлар туфайли бир-бирларидан гина-кудурад қилиб ажралиб юрган кишиларнинг ярашадилар. Чунки силаи раҳмни узган ёки гина-кудурад қилиб юрган кишиларга ҳайит кунларининг фазилати тотимайди.
Рамазон ҳайити кунлари муҳтожлар, касалманд кишилар ҳолидан хабар олиш, уларга инфоқ-эҳсонлар қилиш, болажонларга ҳайитлик улашиш халқимизнинг энг яхши одатларидандир.
Халқимиз ҳайит байрамларини ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримизга содиқ тарзда ўтказиб келмоқда. Ҳайит кунлари қариндош –уруғ, ёру дўстлар билан дийдорлашсак, кекса ёшдагиларни зиёрат қилиб, дуоларини олсак, аҳилларимизга ҳайитликлар ушашиб, уларнинг кўнгилларини олсак, бу катта савоб ишлардандир.
Халқимиз орасида файзу-барокат, меҳру-муҳаббат, хайру-саховатни зиёда қиладиган ҳайит кунларининг шукуҳи қалбларимизни сира тарк этмасин, барчаларимизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин!
Р. Усмонов,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили