1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳайитингиз муборак бўлсин!

20-04-2023, 16:21 174 Ўқиш режими + -
Ҳар миллатнинг ҳайити бор ва ҳар ҳайитнинг муносабати бор. Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага келган пайтларида уларнинг ўйин-кулги қилишадиган икки байрамлари бор эди. Бу байрамлар ҳақида улардан сўраганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло сизларга буларни бунданам яхшилари; Қурбонлик ва фитр ҳайитларига алмаштириб берди». Демак, бу икки байрам мусулмонларнинг хусусиятларидан экан.
Ҳофиз Абу Муҳаммад ибн Асокирнинг «Мусаннаф»ларида шундай келади: «(Фаришталар) айтадилар: «Сизларга буюрди, рўза тутдинглар. Роббингизга итоат этдинглар. Энди мукофотларингизни қабул қилинглар!». Бу ҳадисни муҳаддислар «Ҳайит – мукофотлаш куни» ҳадиси деб аташади.
Аллоҳ таоло бу дунёдаги фараҳ ва суруримизни, охират кунида мазкур ҳадисда келган башорат билан алмаштирсин! Карамли Роббимиз ҳаммамизни розилик ва мағфират билан мукофотласин!
Ҳайитдан мақсад, кўнгилларга хушнудлик, нафсларга севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлашдир.
Одатда байрамларда жамият ахлоқи, истак ва майллари, урф-одатлари ҳар қачонгидан аниқроқ бўртиб кўринади. Шу боис, Рамазон ойи давомида бўлгани каби ҳайит арафасида ҳам меҳр-муҳаббат, саховат, ўзаро ёрдам бериш, ҳожатмандлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш ва ҳурматларини жойига қўйиш, ота-оналарга ҳар қачонгидан кўра эътибор кўрсатиш, хулласи инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни янада кучайтириш талаб этилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларининг ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар: “Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир”.
 Ҳақ таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Бу тинчлик неъматининг қадрига етмоғимиз, уни асраб-авайлаш учун ҳар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки бу доруломон кунларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:“Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...”. Бизлар ҳам берилган неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароит ва ғамхўрликларни Аллоҳнинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.
Бу кун шоди ҳуррамлик айёми қутлуғ байрам экан, унинг шукрини адо этиш, ушбу муборак кунда ҳаммамизга ардоқли ота-оналаримиз, қавму қариндошларимиз, улуғларимиз зиёратига бориб, уларнинг дуоларини олиш, бетоб, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабардор бўлиш, ёрдамга муҳтож кишилар кишиларга қўлдан келганича хайр-саҳоват кўрсатиш, бир-бирларимизни ҳайит билан муборакбод этиш, эски гина-кудуратларни унитиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олиш ва шу тариқа Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига сазовор бўлиш ҳар бир мусулмоннинг байрам кунларидаги энг савобли амаллари саналади.
 Таъкидлаш лозимки хайрли ишларни бажариш ва қавму-қариндошларни ҳолидан хабар даврида карантин талабларига қатъий амал қилишимиз шарт. Чунки бу билан биз ўзимизни ва бошқаларни кўринмас балодан асраган бўламиз.
Бу кунларни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик керак. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал, лекин булар ҳайит байрами шукуҳига таъсир қилмаслиги лозим. Аллоҳ таоло Рамазон ҳайитини барчаларимизга муборак қилсин! Байрамнинг шарофатидан Ватанимиз равнақи, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлишини ва икки дунё саодатини насиб айласин! 

Сирожиддин Жаҳонов, 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси