Инсон нафси тарбияга муҳтож
Инсон нафси ҳамиша тарбияга муҳтож. Комил инсон- ларнинг барчалари ўз нафсини таниб, уни тарбиялаб камолга еткарган кишилардир. Зеро, ўз нафсини танимаган одамдан комил инсон чиқиши қийин. Нафсни англаш ҳақида Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига шундай деган эканлар: “ Эй, ўғлим! Сени илк огоҳлантирганим нафсингдир. Чунки ҳар нафснинг бир ҳавоси, нафсоний истаги бор. Агар нафсга нафсоний истакларини берсанг, янада йўлдан озади ва бошқа нарсалар истай бошлайди. Чақмоқ тошда олов яширин бўлгани каби нафсоний орзулар ҳам қалбда яшириндир; ёқсанг порлар, ўз ҳолига қўйилса, яширинади”.
Хўш, авваламбор нафс нима маънони англатади?
Нафс инсоннинг ўзлигини, жони, қалби маъноларини англатади. Бу ҳақда Имом Ғаззолий шундай ёзади: “ Билғилким, сени ким халқ қилибдур? Икки нимарсадин бири зоҳир бадандурки, ани тан атабдурлар, муни зоҳир кўз бирла кўргали бўлур. Яна бири маънии ботиндурки,ани нафс дерлар, жон атарлар ва дил ҳам дерлар”.
Шундай бўлсада, нафс сўзи инсоннинг тана эҳтиёжи бўлган ейиш-ичишга ва шаҳвоний ҳирсга нисбатан ҳам ишлатилади. Бу маънода халқимиз нафс сўзини тамоқ, жиғилдон, виждон каби сўзлар маъноларда ҳам ишлатади. Буни халқимизнинг қуйидаги мақол ва ҳикматли учратиш мумкин. “ Менинг нафсим балодир, ёнган ўтга солодур”, “ Нафс учун кабоб бўлган балиқ”, “ Кўп ейиш нафс роҳати, оз ейиш тана роҳати” .
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида: “ Нафс (арабча нафс- қалб, кўнгил; инсон; мақсад, интилиш; ғурур, мағрурлик )
- Ейиш-ичишга, мол-дунёга бўлган эҳтирос. Менинг нафсим балодур, ёнган ўтга соладир. Мақол.
Нафс бандаси нафсидан бошқани ўйламайдиган.
...Нафси бузуқ ( ёки ёмон) Овқатдан сира қайтмайдиган, нафсини тия олмайдиган; ҳирсли. Нафси бузуқ ҳайитда ўлар. Мақол.
Нафси ўлик ( ёки тийиқ) Нафсини тия оладиган, ҳар нарсага суқ билан қарайвермайдиган.
Нафсига ўт тушмоқ Нафси ҳаддан ташқари авж олмоқ; нафси ҳакалак отмоқ.
Нафсини тиймоқ Нафсига эрк бермаслик, ўзини сақламоқ.Кўзинг оғриса. Қўлингни тий, ичинг оғриса, нафсингни тий. Мақол.
- Шаҳвоний ҳирс”.
(Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Т.2007 йил. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 3-жилд. 26-бет).
Ривоят қилишларича, Аллоҳ таоло Одам Атони яратишда дастлаб таналарини яратади. Одам атонинг таналарига тана эҳтиёжи бўлган нафсни олиб келишга буюради. Чунки инсон танасининг дунёда бўлиши унда нафс бўлишини тақазо қилади. Нафс эса ейиш, ичиш, ухлаш ва шаҳвоний ҳирсдан иборатдир. Бу нарсалар эса тананинг озиқаларидир.Фаришталар нафсни олиб келишганда Аллоҳ таоло: “ Эй нафс, мен кимман, сен кимсан?”, деб сўради. Нафс:“ Мен сени танишни хоҳламайман.Мени хоҳишим зўр ейиш- ичиш ва ухлашда ”, деб жавоб беради. Аллоҳ таоло юз йил нафсни олов билан азоблайди. Ундан қайта сўради аммо жавоб ўзгармади. Яна у юз йил оловда азобланди, жавоб ўша-ўшалигича қолди. Аллоҳ таоло нафсни юз йил очлик билан азоблади. Нафс очлик азобига дучор бўлди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло ундан: “ Мен кимман, сен кимсан”, деб сўради. Нафс эса: “ Мен ризқланувчи, сен эса раззоқ экансан”, деб Аллоҳ таолони эътироф этади. Аллоҳ таоло фаришталарни яратиб, уларга ақл берди, аммо нафс бермади. Ҳайвонларни яратиб, уларга нафс берди аммо ақл бермади. Аллоҳ таоло инсонга ҳам ақл берди, ҳам нафс берди. Аллоҳ таоло Одам ато таналарига нафсни қўйгач, фаришталар ақл неъматини олиб келишга буюрди. Аллоҳ таоло ақлга: “Яқинроқ кел”, -деди. Ақл яқинроқ келди. Аллоҳ таоло ақлдан сўради:“Мен кимман, сен кимсан?”. Ақл эса:“ Мен ақлман, сен эса мени яратганимсан”, деб жавоб берди. Аллоҳ таоло ақлни улуғлаб Одам ато таналари нинг энг юқори, яъни бош қисмига қўйишни буюрди. Аллоҳ таоло инсонга ақл неъматини бериш билан инсонни бошқа махлуқлардан азиз қилди. Инсон ақл ёрдамида ўз нафсини ва яратганини танийди. Бу ҳақда пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Кимки ўз нафсини танибди, у ўз яратувчисини танибди”, дейдилар. Нафс инсон учун ички турткидир. У инсон ичидан туриб, “оч қолдинг, чанқадинг, чарчадинг” деб гапириб туради. Инсон ақли эса нафсни тинглаб, унга насиҳат қилади. Инсон ақл ёрдамида ўз нафсини таниш билан бирга, бу дунёга нима сабабдан келганлигини ва дунёдан кетишнинг асл моҳияти нима эканлигини идрок қилиш бахтига муяссар бўлади. Инсон ақл ёрдамида ўз нафсини яхшиликка ундайди ва уни ёмонликлардан тияди. Ва ана шу билан у икки дунё саодатига эришади.
Донишмандлар инсон нафсини бир неча даражага бўлишади. Нафснинг биринчи даражасини “Нафсул-аммора” дейишади. Нафсул-аммора инсоннинг хилқатидаги нафсдир. Бу нафс ейиш, ичиш, ухлашдан иборат бўлиб, унга дунё ва охиратни қайғу қилмайдиган болалик даври мисол қилинади. Аммо инсоннинг бу нафсий ҳолати шундай ташлаб қўйилса, у ҳар хил ёмонликларга ундайди. Бу ҳақда “ Қуръони карим”да Юсуф алайҳиссалом номидан шундай дейилади:
“ Нафсимни оқламайман. Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир. Фақат раббим раҳм қилганлар бундан мустаснодир. Албатта, Раббим кечиримли ва раҳмли зотдир”. ( Юсуф сураси, 53-оят).
Нафснинг иккинчи даражаси эса нафсул-лаввома дейилади. Нафснинг бу даражаси инсоннинг ақли кириб, яхши-ёмонни ажратадиган, ёмон ишларидан пушаймон қиладиган ҳолдаги нафсидир. Нафснинг бу даражасини инсонда виждон ҳакамлик қиладиган ҳолатини қиёслаш мумкин. Чунки, нафсида виждони бор одам ўзини тергайди ва ўзидан пушаймон бўлади. Ичида виждони ғулу, маломат қилувчи нафс ўзини ёмонликлардан тортади, яхшиликларда бардавом бўлади. Нафсул-лавома ҳақида “Қуръони карим”да “ Ва мен маломатгўй нафсга қасам ичурманки, ҳеч шак-шубҳасиз қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсизлар). (Қиёмат сураси 2- оят.)
Нафснинг учинчи даражаси нафсул- мутмаиннадир. Инсон нафсининг бу даражаси ўзлигини англаган ва нафсий хотиржамликка эришган давридир. Нафснинг бу даражасида инсон вужудида иймон ҳакамлик қилади. Бу ҳақда “Қуръони карим”да: “Улар иймон келтирган қалблари Аллоҳни зикр қилиш-эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Оллоҳни зикр қилган билан қалблар ором олур. (Раъд сураси, 28- оят.)
Айрим уламолар нафснинг яна нафсул-мулҳама, нафсур-розия, нафсул-марзия, нафсус-софия каби яна тўртта даражалари борлигини таъкидлашган. Инсон нафси ўз даражасига кўра фаолият олиб боради. Нафсул-аммора инсонни ҳар куни нафсоний ишларга йўллайди. Инсон эрта тонгда уйғонганидан у: “ Қани бугун нима ейсан, қаерга борасан, нима киясан? “деб саволларга тутади. Шу пайтда инсоннинг нафси тарбия топиб, у нафсул-лавома даражасига етган бўлса, нафсини тергайди, уни хотиржам қилади. Шу сабабли инсон ўз нафсини билиб, унинг гуноҳга олиб борувчи хоҳишларини билан курашиши зарур. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилар: “ Бизнинг олдимизда то қиёматгача давом этиб турадиган кураш бор, у ҳам бўлса, ҳар кимнинг ўз нафси билан курашишидир”. Албатта, инсон бу курашда ўз нафсини англаши, ҳавойи-нафслари билиши лозим. Зеро, бу дунёдаги солиҳ ишлар нафсга қийин қилиб қўйилган бўлса, ҳавойи нафсга хос ишлар эса завқ-шавқ билан ўралгандир. Пайғамбаримиз с.а.в.: “ Дунёда жаннатий ишлар нафс ёқтирмайдиган нарсаларга ўралган, дўзахий ишлар эса нафсга чиройли қилиб кўрсатилгандир”, дейдилар. Шу туфайли инсон ўз нафси билан курашишда доимо ёмон ишлардан қайтиш ва яхши ишларга ҳаракат қилиши лозим. Қадимда бир шогирд устози ҳузурига кириб: “ Устоз, мен нафсим буюрганини қилайми ёки унинг буюрганига қарши иш тутайми? “, -деб сўрабди. Шунда унинг устози:
“Нафсинг буюрганига қарши иш тутма, ва уни айтганини ҳам қилма, балки нафсингни худонинг буйруғи билан тарбия қил”, - деб жавоб берган экан.
Ўз нафсини таниб уни жиловлаган инсонлар кўпроқ бошқа инсонларга манфаат етказадилар. Ўз нафсини тияолмаган одамлар ҳар хил номақбул ишларга қўл урадилар. Шу сабабли инсон ўз нафсини англаши ва уни тарбиялаши натижасида юксак инсоний фазилатларни ўзида шакллантиради. Ва жамиятда кишилар ўртасида бир-бирини кўраолмаслик, ҳасад, худбинлик каби салбий одатлар барҳам топиб, уларнинг ўрнига бир-бировларига инсоф ва адолат қилиш, меҳр-муҳаббат кўрсатиш, ўзаро ҳамжиҳатликда яшашлик каби юксак инсоний фазилатлар мустаҳкамланади.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими