1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Кибрланишдан сақланайлик

27-04-2023, 10:15 331 Ўқиш режими + -
Ислом дини ҳар бир мусулмонни кибрланишдан қайтаради. Бу ҳақда “ Қуръони Карим” да: “  Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен ( оёқларинг билан)  зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан” дейилади. ( Исро сураси, 37-оят). 
 
                  Мутакаббир кишиларни Аллоҳ таоло ҳам ёмон кўради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Қуръони Карим” да: “Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” дейди. ( Нисо сураси, 36-оят). 
             Кибр ўзини бошқалардан баланд ҳисоблаб, ҳақ гапни тан олмасликдир. Одамлар пайғамбар ( с.а.в.) дан: “ Кибр нима? “ деб сўрашди. Пайғамбар ( с.а.в.): “ Кибр ҳақни тан олмаслик ва одамларга паст назар билан қарашлик” деб жавоб бердилар. Кибрдан фақат камтарлик сифатини ўзида касб қилиш билан қутилиш мумкин. Кибр шайтоннинг нафсига  кирувчи йўллардан биридир, кибр туфайли инсонни шайтон залолатга бошлайди, уни  балога йўлиқтиради. Инсоннинг кибри уни ҳалокат гирдобига олиб боради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “ Ер( юзи)да ноҳақлик билан кибрланиб юрувчилар ( онги)ни оятларимиз ( идроки)дан четлатиб қўяжакмиз” дейди.       ( Аъроф сураси, 146-оят). 
 
                         Пайғамбар (с.а.в.) Ўзларининг муборак ҳадисларида: “ Сизларга дўзах аҳлининг хабарини берайми? Ҳар бир дағал, кеккайган мутакаббир дўзах аҳлидандир” дейилади. ( Бухорий ривояти).  
                        Ҳақни инкор қилиш кибрнинг кўринишларидандир. Айрим кишилар хато иш қилаётганликларини биладилар, аммо хатоларига иқрор бўлиб, ҳақни қабул қилмайдилар. Шайтон ҳам Одам (а.с)ни тан олмади. Одам тупроқдан мен эса оловдан ясалганман, деб ўзини катта олди. Бу қилаётган иши хато эканлигини билса ҳам ундан қайтмади. Ҳақни тан олмади, шу сабабли Аллоҳ таоло даргоҳидан ҳайдалди. Бу ҳақда  “ Қуръони Карим”да: “ Эсланг, Биз фаришталарга: “ Одамга сажда қилингиз!” деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб,   такаббурлик қилди ва кофир бўлди” дейилади. ( Бақара сураси, 34-оят).  
             Кибрланишнинг охири завол бўлиши шуки, ман-манлик шу дунёда хунук одат бўлиб кўринади ва охиратда эса инсондаги кибрланиш  унинг жаннатга киришига парда бўлади. Бу ҳақда  Пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Кимнинг қалбида заррача кибри бўлса, жаннатга кирмайди. Унинг кибри ўзи билан жаннат ўртасида парда бўлади. Чунки кибр яхши ахлоқлардан тўсган эди. Бу ахлоқлар жаннатнинг эшикларидир”.
   
         Луқмони Ҳаким фарзандларига: “  Эй фарзандим, одамлардан юзингни буриштирма,  ҳеч қачон кеккайиб, керилиб юрма! Чунки Аллоҳ таоло кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди.  Ерга қараб, оҳисталик билан юргин ва ҳеч қачон овозинг баланд қилиб гапирма!” деб насиҳат қилган эканлар. 
              Дарҳақиқат, инсонга кибрланиш ярашмайдиган одатдир.  Инсон  кибрдан сақланиш билан ўз шахси ва жамият учун катта манфаат келтиради.   Инсон кибр каби одатлардан тийилиб, камтар бўлиш билан икки дунё саодатига эришади. 
 
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими