Дарҳақиқат, фатвони жоҳил киши бермайди. Фатвони фатвони муфтий беради.
Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ фатво бериш масъулияти ҳақида тўхталиб қуйидагиларни таъкидлайди: “Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар ва У зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у – Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам номларидан гапиради”.
Ибн Абдул Барр “Жомиъул-илм” китобида Уқба ибн Муслимдан ривоят қилади: “Ибн Умарга ўттиз тўрт ой ҳамсуҳбат бўлдим. Савол сўралганда кўпинча: “Билмайман”, – дер эди.
Абу Алий азЗарир айтади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишига фатво бериши учун қанча ҳадис етарли, юз минг ҳадис етадими?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Икки юз мингчи?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Уч юз мингчи?”, – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Тўрт юз мингчи?” – дедим. У яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлсачи?”, – деган эдим, у: “Умид қиламан”, – деб айтди”.
Бугунги кунда баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки маълум мақсадларга йўналтирилган тузилмалар томонидан қўштирноқ ичидаги фатволар инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига раҳна солинишига сабаб бўлмоқда.
Демак, чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Шундай экан, баъзи доира ёки гуруҳлар томонидан исломда улкан масала сифатида қаралган ҳукмларга эътиборсизлик ва масъулиятсизлик билан фатво беришлари ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам адаштиришдир. Қандай қилиб шахсларни ва бутун бошли жамиятларни кофирга чиқариб, уларга эргашишни ҳаром демоқдалар?!
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, фатво мусулмонлар ҳаётида жуда муҳим ўрин эгаллаган. Фатво бериш эса, ўта масъулиятли иш бўлиб, муфтий Аллоҳ ва Унинг расули номидан гапиради. Ва ниҳоят, илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашишга олиб боради.
М. Қораев – Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби