Инсон ҳаётда яшар экан, доимо тўй ва аза, иссиқ ва cовуқ, очлик ва тўқлик, соғлик ва касал каби синовлар қуршовида бўлади. Шундай синовлардан бири инсоннинг касал бўлишидир. Касаллик инсон учун синовдир. Албатта, инсон касаллик Аллоҳ таолонинг имтиҳони эканлигини билиб, унга сабр қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “ Ва албатта сизларни хавфу хатар,очлик, молужон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат етганда: “Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг”. (Бақара сураси,155-156 оятлар).
Албатта, касал бўлган киши касалликка сабр қилса, катта ажру савобларни қўлга киритади. Аллоҳ таоло яхши кўрган бандасига дард беради. Босқон темирнинг зангини тўккандек, дард ҳам инсоннинг гуноҳини тўкади. Аллоҳ таоло Айюб (а.с.)ни касаллик билан имтиҳон қилган. У зот берилган касалликка сабр қилдилар ва ажру-савобга эришдилар. Мана шундай имтиҳонда бўлган кишиларни бориб кўриш ва улардан хабар олиш дунёда энг катта савоб ишлардандир.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими