Дарҳақиқат, хайру-эҳсонларимизни Аллоҳ учун қиламиз. Аллоҳ таоло эса ҳар бир махфий ва ошкоро нарсаларни билгувчи зотдир. Шу сабабли ўнг қўлимиз билан қилган хайру-эҳсонимизни чап қўлимизга билдирмай қилишимиз фазилат ҳисобланади. Бу дегани амалларимизга риё аралаштирмасликни англатади.
Ўнг қўли қилган хайру-эҳсонини чап қўлига билдирмайдиган инсон темирдан ҳам, оловдан ҳам, шамолдан ҳам кучли инсон ҳисобланади.
Ривоят қилишларича, Аллоҳ таоло ерни яратди. Ер осмонда чайқалиб турди. Шунда Аллоҳ таоло унга тоғларни қўйди. Мустаҳкам тоғлар ерни чайқалиб туришини тўхтатди. Шунда фаришталар мустаҳкам тоғлардан ажабланишиб Аллоҳ таолодан сўрашди: “ Ҳайбатли тоғлардан ҳам тоғлар мустаҳкам махлуқинг борми?”. Аллоҳ таоло: “ Ҳа, темир тоғу-тошдан мустаҳкам” деди. Фаришталар: “ Темирдан ҳам мустаҳкам нарсанг борми?”. Аллоҳ таоло айтди: “ Ҳа, темирни олов эритади”. Фаришталар: “ Оловдан зўрроқ нарса борми? “ Аллоҳ таоло: “ Ҳа, оловни сув ўчиради” деб жавоб берди. Фаришталар: “ Сувдан ҳам кучлироқ нарса борми?” деб сўрашди. Аллоҳ таоло : “ Ҳа бор. У шамол” деб жавоб берди. Фаришталар : “ Шамолдан ҳам кучлироқ нарса яратганмисан?” деб сўради Аллоҳ таоло “ Ҳа бор. У ўнг қўли билан хайру-эҳсон қилиб, чап қўлига билдирмайдиган сахий инсон” деб жавоб берган экан.
Аллоҳ таоло барчамизнинг хайру-эҳсонларимизни Ўз даргоҳида мақбул айласин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими