1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Уй-жойларни озода тутайлик!

5-05-2023, 11:28 569 Ўқиш режими + -
Уй-жой, ҳовлиларни тоза тутиш халқимизнинг ҳам азалий одатларидан ҳисобланади. Пайғамбаримиз ( с.а.в.): “Албатта, Аллоҳ таоло покдир, поклик ва озодаликни ёқтиради. Сахийдир, саховатни хуш кўради. Покланинглар, ён-атрофларингни озода тутинглар, Ҳовли,уй-жойларингизни тоза тутинглар ., дейдилар. ( Имом Термизий ривояти). Шу сабабли турар жойларимизни саранжом-саришта қиламиз, уларни озода тутамиз.
          Инсон ўзи яшаётган манзилларни озода бўлишига эришиши лозим. Зеро, ҳовли ва уйларнинг нотозалиги биринчи галда шу хонадонда турадиган учун зарарлидир. Ахлат-чиқиндиларга бепарво хонадонлар жинлар севиб тўпланадиган жойлардандир.   Уй ва ҳовлиларни ҳар хил ахлат-чиқиндилар билан нотоза сақламаслик керак. Уй ва ҳовлиларда чиқинди-ахлатлар сақлаб, уларни нопок сақлаш макруҳ амал ҳисобланади. Агар шундай бўладиган бўлса, бу уй-жойлар бебарака маскан ҳисобланади. 
                  Инсон ҳамиша ўзи турадиган жойларни саришта-саранжом бўлишига аҳамият бериши лозим. Нақл қилишларича, одамлар бир кишининг уйига совчи бўлиб келишибди. У келган совчиларга қизини беришга рози бўлибди. Ўша куни иттифоқо у кишиникига яна икки жойдан совчи келибди, у уларга ҳам қизини беришга розилигини айтибди.   Бу воқеаларга шоҳид бўлиб турган унинг хотини:“ Ўзи бир қизимиз бўлса, уни қандай қилиб уч жойга беришга рози бўлдингиз ?”дебди. У киши эса бу саволга жавоб бериш ўрнига:“ Эй бор худо, ўзинг шарманда қилма”,деб дуо қилибди. Шунда унинг дуо мустажоб бўлиб, уйидаги миниб юрадиган улови ва ҳовлисини қўриқлайдиган ити қиз болалага айланиб, қизларининг сони учтага етибди. Совчилар келишиб навбатма –навбат қизларни келин қилиб олиб кетишибди. Орадан вақт ўтиб қизларнинг ота-онаси  уларни кўргани боришибди. Аввал борган жойдаги куёвидан  қизи ҳақида сўрабди. Куёви эса:“ Раҳмат, сизга қизингизга яхши тарбия берган экансиз, у менинг уст-бошимни, уй-жойларимни,  доим озода бўлиши учун ҳаракат қилади”,-дебди. Куёвидан розилик сўзларини эшитган ота бу қиз ўзининг қизи эканлигини билибди. Ота-оналар   қизлариникидан чиқиб кейинги қизлариникига боришибди. У ерда ҳам ота куёвидан қиз ҳақида сўрабди. Куёв эса:“ Сизга раҳмат деяолмайман. Уй-жой, ҳовли ва кўчалар озодалигига эътибор қилмайди. Ҳаммаёқ ахлат-чиқинди бўлиб кетган. Фақат уй ичида у ёқдан-буёққа думалаб ухлайди ”, дебди. Шунда у одам:“Ҳа, қиёфаси одамга ўхшаган билан қилиғи ўша-ўшалигича  қолибди-да”,деган экан. Пайғамбаримиз (с.а.в.) турар жойларда кечқурун ётишдан олдин сув ва таом солинган идишлар устини ёпишни, синиқ, дарз, лаби учган идишларни ишлатмасликка буюрганлар. Ўша жойларда турли зарарли нопок нарсалар микроб бўлишидан ўн тўрт аср олдин огоҳлантирганлар. Ошхонадаги идиш-товоқларни ювиб саранжом қилинган бўлиши лозим. Овқатланиб бўлгандан сўнг дастурхон ўз ҳолича, идиш-тавоқлар ўз ҳолича қолиб кетмаслиги керак. Идишлар очиқ-сочиқ ётса, уларга ҳар хил ҳайвонлар тегади ва нопок қилади. Шарқ халқларида ғарбдан фарқ қилган ҳолда мушук ва итга ўхшаган ҳайвонлар турар жой идишларга тегса, нопок қилади деб ҳисобланади. У бу идишларни ювиб поклаш кераклигини кўрсатади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) мушук теккан поклаш ҳақида шундай дейдилар: “Агар идишга мушук тегса, у бир марта ювилади”. ( Термизий ривояти) Пайғамбаримиз (с.а.в.) Ит теккан идишни тоза қилиш ҳақида қуйидагича кўрсатма берадилар: “Ит теккан идиш етти марта ювилади:аввалгиси ва охиргиси турпоқ билан ишқалаб, сўнгра чайилади”. ( Термизий ривояти) Овқатдан чиққан суякларни ошхоналарда ташлаб қўйиш, еган овқат чиқиндиларини ёнига ташлаб қўйиш ва идиш-товоқларни нотоза ташлаб қўйиш ёмон одатлардан ҳисобланади. Овқатланадиган жойларда бурун қоқиш, жамоат жойларни ифлос қилиш ҳам нохуш ишлардир.  Шу сабабли инсон турадиган жойларида нопок нажосатга ўхшаган нарсадан эҳтиёт бўлиши лозим. Нажас ( одам ёки ҳайвон ахлати) теккан жой ювиб ташлаш билан пок бўлади. Нажас   тушган жой қуриб, нажосатдан асар қолмаган бўлиши билан ҳам пок бўлади. Турар жойлардаги гилам ва палосларга   нажас тегса, уларни ювиб, бир кеча-кундуз оқар сувга чўкдириб қўйиш билан тоза бўлади. Пайғамбаримиз кўча ва йўлларимизни озода бўлишига одамларни тарғиб қилганлар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в.:“ Бир киши йўлда кетаётиб, кўзи тиконли бир шох-шаббага тушди. У йўлдан одамларга зарар берадиган тиконли шох-шаббани олиб ташлади. Аллоҳ таоло бу иш учун у кишининг гуноҳларини кечирди”.   Кўча, йўллар, ариқ ва унлаги сувга ҳар хил ахлатларни ташлаш нохуш ишлардан ҳисобланади. Кўча, йўллар, ариқ ва ундаги сувларни  ҳар хил чиқинди-ахлатларни ташлаб нопок қилиш шарқона одатларда қораланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в.: “Уч   лаънатловчидан сақланинглар”,-дедилар. Одамлар сўрашди:“У уч лаънатновчи нима?”.Пайғамбаримиз с.а.в.шундай жавоб бердилар:“Одамларнинг йўлига, сув бошига, соя жойга ҳожат қилишдан ва ахлат ташлашдан сақланинглар. 
                Уй-ҳовли, маҳалларимизнинг озода бўлишлиги ўзимизга боғлиқ. Турар жойларимиз атрофини нотозаликдан сақлашимиз лозим. Теварак –атрофимизга ҳар чиқиндилар ташламаслигимиз зарур.   Турар жойларни  озода сақлаш ҳар бир шу ерда яшаётган ҳар  кишининг бурчидир.Уй-жойларимизни озода қилсак, маҳалламиз, шаҳар ва қишлоғимиз, юрт озодалигидир. Турар жойдаги уй- ҳовли, кўчалар, иш жойлар,  улардаги бинолар саранжом-саришта, пок-озода, обод қиёфада бўлиши учун барчамиз масъулмиз.                                                                                
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими