Хотира ва қадрлаш – халқимизнинг асрий қадриятлари, улуғ фазилатларидан. Эл-юртининг тинчлиги, осойишталиги, эрки ва озодлиги учун курашган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғидадир. Ана шундай мардлик ва жасорат намунасини кўрсатганларга, жанг майдонларида жонини фидо қилган боболаримиз, сабр-бардош билан катта қийинчиликларни енгиб ўтган нуроний момоларимизни шарафлаш, хотирасини абадийлаштириш, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмун билан бойиди.
Бу жиҳатлар юртимизда кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларда, она диёримизни, халқимизнинг озодлик ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи юртдошларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик, ҳурмат-эҳтиромда янада яққол намоён бўлмоқда.
Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг 10-оятида марҳамат қилиб айтадики: Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!»
Демак, ёши улуғларни ҳурматлаш фақатгина дунёвий одоб-ахлоқ, бурч, вазифагина бўлиб қолмай, балки Аллоҳ таолонинг наздидаги буюк ва савобли иш ҳисобланар экан.
Юртдошларимиз Хотира ва қадрлаш кунида ўтганлар хотираси ва уларнинг жасоратлари, эзгу ишларини ҳурмат билан ёдга оладилар. Марҳум ота-оналар, ака-опалар, қариндош-уруғ, устозларни эслаб қабристонларга борадилар. Қабрларни тозалаб, атрофига тол-терак, гулу райҳонлар экиб, яхши фазилатларини хотиралашади. Ҳақларига хатми Қуръон, дуои фотиҳалар қилинади. Биз билан ҳамнафас яшаётган фахрийларимиз, ногиронлар, боқувчисини йўқотган оилалар ва умуман меҳримизга муҳтож кишиларга иззат-икром кўрсатилиб, уларга моддий ва маънавий кўмак берадилар.
Албатта, ҳаётий дунёда яшаб, ўзидан кўплаб яхшиликлар қолдирган, халқнинг хизматида камарбаста бўлиб, фоний дунёдан риҳлат қилган аждодларимизни эслашимиз ҳам барчамизга лозим вазифа ҳисобланади. Зеро, ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш ҳаммамизнинг инсоний бурчимиздир.
Азамат УСМОНОВ,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими