1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ўтганларни хотирлашда нималарга аҳамият беришимиз керак?

8-05-2023, 12:32 203 Ўқиш режими + -
Ўтганларимизни хотрлашда қуйидагиларга аҳамият беришимиз лозим бўлади:
  • Аввало, ниятни тўғриламоқ, ихлос билан Аллоҳ учун зиёрат қилмоқ лозим.
  • Зиёрат пайтида таҳоратли бўлмоқ суннатдир.
  • Қисқа муддат бўлса ҳам дунё машғулотини тарк этиб, охиратни ўйламоқ.
  • Алоҳида намозхона бўлса икки ракаат намоз ўқимоқ. 
  • Зиёратгоҳда вазмин ва сокин юрмоқ. Беҳуда ва баланд овозда сўзламаслик, зарурий сўзларни секин ва одоб билан гапирмоқ.
  • Қабр аҳлига салом бермоқ. Ибн Аббос р.а. айтадилар: Пайғамбар с.а.в. Мадинада баьзи қабрларга дуч келдилар. Юзларини уларга қаратиб айтдилар: “Ассалому алайкум, эй қабр эгалари! Аллоҳ бизларни ҳам, сизларни ҳам мағфират айласин! Сизлар биздан олдин кетдингизлар, бизлар ҳам изингиздан боргаймиз! Аллоҳ таолодан бизлар учун ва сизлар учун офият,  тинчлик – омонлик тилайман”.
  • Оёқ томонидан бориб, маййитга яқин ва юзма – юз ўтирмоқ.
  • Қабрни сийпаш, ушлаш, тавоф қилиш ва ўпишдан қаттиқ сақланмоқ. Бундай қилиш адашганларнинг одатидир.
  • Қабр бошида “Ёсин” сурасини ёки ўзи билган бошқа сура ёхуд оятларни ўқимоқ. Ёки 1 марта “Фотиҳа” ва 3 бор “Ихлос” сурасини ўқиса ҳам яхши бўлади.
  • Зиёратгоҳ ичига пойафзални ечиб кириш яхшидир.
  • Қабрларни босмаслик лозим. Қабр усти маййитнинг ҳаққидир. Қабрни босиш маййитнинг қорнини босиш кабидир.
  • Қабрларга суянмаслик ва қабрлар устига ўтирмаслик. Чунки бундай ишлар қабр соҳибига азият беради.
  • Шовқин – сурон солмаслик.
  • Қабристонлар ҳудудида катта ёки кичик таҳоратни синдирмаслик. Зеро, бу иш ўликларга ҳам, у ерга келган тирикларга ҳам бирдай озор беради.
  • Қабристонларда кулмаслик. Чунки, Пайғамбар с.а.в. бундан қаттиқ қайтарганлар.
  • Қабристонларда шам ёқиш ва ўша ҳудуддуги дарахтларга ип ёки латта боғлаш каби бидьат ишлардан қаттиқ сақланмоқ.
  • Қабристонларда йиғи – сиғи қилмаслик шарт.
  • Сўрайдиган бирор нарсасини қабрдаги кишидан сўраш мутлақо мумкин эмас, бундай қилган киши қаттиқ гуноҳкор бўлади.
  • Қабристонларда емоқ-ичмоқ мумкин эмас. Ҳасан Басрий р.а. қабристонда овқат еб турган кишини кўриб; “Бу киши мунофиқдир! Зеро шу қадар ўликлар ҳузурида туриб, кўнглига қўрқув тушмас, томоғидан овқат ўтар, охиратни ўйламас”, дедилар.
  • Қабристондагиларнинг яхши сифатларини эслаш керак.
  • Зиёратдан беҳад сокин, оҳиста ва ибратланган ҳолда қайтиш лозим. 
 Аллоҳ таоло ўтган улуғ аждодларимизни раҳмат қилиб, зиёратларимизни қабул қилсин!
 
 
                                     Қораев Муҳаммади
 Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме
                                      масжиди имом хатиби