Асли мукаррам қилиб яратилган инсон доимо ҳурмат- эҳтиромга лойиқ. Айниқса умри давомида кўплаб хайрли ишларни қилиб ҳозирда қарилик ёшига етган нуроний отахонларимизни, азиз момоларимизни қанча улуғлаб, эъзозласакда оз. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида ҳам ёши улуғларимизни қадрлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш борасида кўплаб кўрсатмалар келган. Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом: “Ким кичигимизга раҳм қилмаса, каттамизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: “Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёд олган, унда ғулувга кетмаган ҳамда унга жафо қилмаганни, адолатли ҳукмдорни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир”, деб марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ёши улуғларни ҳурматлаш фақатгина дунёвий одоб-ахлоқ, бурч, вазифагина бўлиб қолмай, балки Аллоҳ таолонинг наздидаги буюк ва савобли иш ҳисобланар экан.
Б. Раҳмонов,
Қарши шаҳар “Кўкгумбаз” масжиди имом ноиби