1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ислом дини кўрсатмаларида ўтганларга ҳурмат ва эҳтиром

8-05-2023, 18:59 462 Ўқиш режими + -
Мустақиллик шарофати билан миллатимиз, халқимиз шаъни, қадр-қиммати, ғурур-ифтихори, маънавияти ва миллий қадриятлари қайта тикланди. Истиқлол йилларида улуғ аждодларнинг хотираларини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи юртдошларимизнинг руҳларини шод этмоқ учун эзгу амалларга бел боғлашдек савоб юмуш дилимиздаги ёруғ ниятлардан бирига айланди. Мана бир неча йилдирки, 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланмоқда. Бу эса баайни инсон зотига, унинг муқаддас ёдию умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган чексиз эҳтиром рамзидир.
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...”.Ислом дини инсон қадрини унинг ҳаётлиги ва ҳаётдан кўз юмгандан сўнг ҳам юқори даражага кўтаради. Аллоҳ табарока ва таоло бу дунёда инсонни турли-туман қийинчилик ва мусибатлар билан имтиҳон қилади ва унинг имони қай даражада мустаҳкам эканини синовлардан ўтказади. Инсон саботи ва қатъияти ила мана шу имтиҳон ва синовлардан муваффақиятли ўтса, у албатта Аллоҳ таолонинг олий мукофотларига сазовор бўлади. Қуръони каримда бу ҳақда қуйидагича марҳамат қилинади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир”. Бақара-157 Албатта, биз ҳамиша марҳумларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни, шу жумладан, Қуръони карим оятларидан тиловатлар қилиб, савобини уларнинг руҳларига бағишлаймиз. Зеро, ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг исломий ва инсоний бурчимиздир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”. Дунёдан ўтган марҳум ва марҳумаларимизни эслаб-хотирлашимиз ва уларнинг руҳларини шод этиш учун ҳақларига дуои хайрлар қилиб туришимиз лозимлиги Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баён қилинган. Ҳатто дуо қилиш услублари ҳам ояти карималарда кўрсатиб қўйилган: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”.
 Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир”.
Ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини одоб билан зиёрат қилиш, шу билан бирга, ўзимизнинг ўтиб кетган марҳум яқинларимизни доимо яхши сифатлар билан эслаш бизнинг бурчимиздир.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана, энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади”.
Марҳумлар руҳига бағишлаб тиловати Қуръон ҳамда дуои хайрлар қилинади. Бунинг, албатта маййитлар учун фойдаси бор.
Агар биз, мусулмонлар аждодларимиз руҳларини шодлантириш мақсадида уларни қанчалик кўп хотирласак, фарзандларимиз ҳам бундан албатта, яхши намуна оладилар, десак асло хато қилмаган бўламиз. Зеро, улар ҳам бизларни шундай хотирлаб, дуойи хайрларда бўлишади.                                                                                                           
Аллоҳ таборака ва таоло барча марҳум аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб, қолганларга фаровон ҳаёт, тинчлик ва офият ато этишини сўраб қоламиз! 


С. Жаҳонов, 
"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувичси