Бу масалани яхшироқ фаҳмлаб олиш учун содда бир мисол келтираман.
Тасаввур қилинг, бир киши узоқ бир шаҳарга бориш учун албатта бирор транспорт воситасида бориши керак бўлади. Агар у одам: Менга бировлар ясаган машина керак эмас. Мен тошдан темирни ўзим ажратиб олиб, сўнг ўша темирдан машина учун барча эҳтиёт қисмларни ўзим ихтиро қиламан ва ўзим учун керак бўлган машинани ясаб оламан”- деса. Шу одам тўғри йўлда бўладими?
Энди шу масалага ДИН нуқтаи назаридан қарасак. Бир киши “Менга аввал ўтган олимларингизнинг ўргатган масалалари керак эмас, мен ўзимга керакли масалаларни ўзим Қуръон ва Суннатдан ажратиб оламан”- деса, юқорида зикр қилинган ҳолат, яъни, янгидан эҳтиёт қисмлар кашф этиб, машина ясамоқчи бўлган одамдан кўра ҳам аҳмоқона йўл тутган бўлмайдими?!
Ислом АҚИДА, ФИҚҲ, УСУЛУЛ ФИҚҲ, ҚУРЪОН, УСУЛУЛ ҚУРЪОН, ҲАДИС, УСУЛУЛ ҲАДИС, ТАФСИР, УСУЛУТ ТАФСИР ва бошқа ўта нозик илмлар мажмуасидан иборатдир.
Мазҳаб, мен ва сизни, иншааллоҳ, Жаннатга бошлаб борувчи кенг ва равон йўлдир. Ушбу йўлнинг ҳар бир қаричига юз минглаб забардаст уламоларнинг ҳаётлари бахшида этилган.
Бу йўлнинг бошида Аллоҳ Таолонинг Китоби ва Унинг Расулининг суннати турган бўлса, давомида саҳобалар, тобейинлар ва салкам бир ярим минг йилдан буён ўтган барча уламоларнинг меҳнати турибди.
Энди кимдир: “Менга бу мазҳаб керак эмас”- деса, бу унинг ихтиёридир. Бироқ, бу гап, унинг Ислом дини ва унда ўтган барча уламолардан очиқчасига воз кечганлигини англатади.
Яна айтамиз, бу унинг ихтиёри. Ҳозирги даврда бунга ўхшаш нодонликлар учраб туради. Бироқ, биз бу ақлсизликни бошқа мусулмонларга даъват қилишликларига асло йўл қўймаймиз. Бизнинг салкам бир ярим минг йиллик иттифоқимизни ҳеч ким парчалаб, ихтилофга солишига томошабин бўлиб турмаймиз. Аллоҳга қасамки, бемазҳабларга бизнинг орамизда жой йўқ. Ва Аллоҳга қасамки, биз улардан кўра Аллоҳга яқинроқмиз.
“Ғойиб ота” жоме масжиди имом хатиби
Хуршид домла Шарипов суҳбатларидан