Дарҳақиқат, инсон табиатидан бахиллик бор. Инсон ўзидаги бахилликдан покланиб туриши керак. Инсон ўз нафсидаги бахилликни бошқа бировга бирор нарса бериш ёки яхши сўз, яхши иш қилиш билан поклайди. Бу ҳақда ўз даврида Луқмони Ҳаким ўғлига шундай насиҳат қилади: “ Эй, фарзандим, бахилликдан сақлан, бахиллик дунё ва охиратингни бузади. Инсонлар олдида мурувватинг камаяди, обрўйинг кетади. Одамлар олдида иззат ва улуғлигинг кетади. Ғазабингни мулойимлик билан, енгилликни вазминлик билан, нафснинг ҳавосини тақво билан, шак-шубҳани ҳақиқат билан, ботилни ҳақ билан, бахилликни ўз молинг билан енггин”.
Нафсини бахилликдан поклаган киши эса нажот топади. “Қуръони карим”да: “ Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчилардир” дейилади. ( Ҳашр сураси 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон учун бахиллик ҳеч қачон бирор манфаат келтирмайди. Бахиллик жамиятдаги кишилар ўртасида меҳр-оқибатни кўтарилишига, инсонларнинг бир-бирларини ёмон кўришлари ва улар ўртасидаги инсоний алоқаларга путур етишига сабаб бўлади. Шу сабабли инсон ўз табиатидаги бахилликка тўғри баҳо бериб, уни хайру-саховат билан ушлаш натижасида икки дунё саодатига эришади.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими