Аллоҳ таолонинг китоби “Қуръони Карим”да ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам )нинг муборак ҳадисларида биз мўъмин-мусулмонлар бир биримизни авф қилишга, кечиришга буюрилганмиз. Авфли, кечиримли бўлиш мўмин-мусулмонлар учун олий фазилатлардандир.
Аллоҳ таоло “ Қуръони Карим”да шундай марҳамат қилади:
“ Афвни ( қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”. ( Аъроф сураси, 199-оят).
Ушбу оятни тафсир қилган уламолар оятдаги “ Афвни ( қабул қилиб) олинг” деган муборак бирикма “кечиримли бўлишга” далолат қилади, дейишади. Шайх Усмонхон Алимов муфтий ҳазратлари ўзларининг “ Тафсири ирфон” китобларида бу оятнинг тафсири ҳақида шундай ёзадилар: “ Оят каримадаги “урф” сўзи “яхши амаллар” маъносида, Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали Ўз пайғамбарига афвни қабул қилиб олишни, яъни ўта кечиримли бўлишни, одамларн яхшиликка чорлашни ҳамда ширк ва куфр йўлини тутган жоҳил, нодон кимсалардан юз ўгиришни буюрмоқда. Парвардигорнинг амрига бўйсунган Пайғамбаримиз кечиримлиликда ҳам, одамларни яхшиликка чақиришда ҳам бутун умматга ибрат бўлганлар[1]”. Аллоҳ таоло барчамизни авфни қабул қиладиган, кечиримли бўладиганлардан қилсин!
Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими
[1] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “ Тафсири ирфон” Т. 2019. 2-жилд. 125—126-бетлар.