Маълумки, бахиллик инсон учун салбий сифат ҳисобланади. Ким бахиллик қилса, бас у ўзининг зиёнига бахиллик қилади.
Аллоҳ таоло “ Қуръони карим”да шундай дейди: “ Мана, сизлар шундай кишилардирсизки, Аллоҳ учун инфоқ-эҳсон қилишга буюрилгансизлар. Бас, сизларни орангизда бахиллик қиладиган кишилар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, албатта у фақат ўз зиёнига бахиллик қилур”. ( Муҳаммад сураси, 38-оят).
Ким бахиллик қилса, ўзини дунё ва охират яхшиликларидан маҳрум бўлади. Пайғамбар (с.а.в.) шундай дейдилар: “Алдоқчи, миннатчи ва бахил жаннатга кирмайди”, деб огоҳлантирилади. (Термизий ривояти).
Инсон ўзидаги бахилликни ҳар доим сахийлик қилиш билан енгиб бориши лозим. Бу ҳақда ўз даврида Луқмони Ҳаким ўғлига шундай насиҳат қилади: “ Эй, фарзандим, бахилликдан сақлан, бахиллик дунё ва охиратингни бузади. Инсонлар олдида мурувватинг камаяди, обрўйинг кетади. Одамлар олдида иззат ва улуғлигинг кетади. Ғазабингни мулойимлик билан, енгилликни вазминлик билан, нафснинг ҳавосини тақво билан, шак-шубҳани ҳақиқат билан, ботилни ҳақ билан, бахилликни ўз молинг билан енггин”.
Дарҳақиқат, инсон учун бахиллик ҳеч қачон бирор манфаат келтирмайди. Бахиллик жамиятдаги кишилар ўртасида меҳр-оқибатни кўтарилишига, инсонларнинг бир-бирларини ёмон кўришлари ва улар ўртасидаги инсоний алоқаларга путур етишига сабаб бўлади. Шу сабабли инсон ўз табиатидаги бахилликка тўғри баҳо бериб, уни хайру-саховат билан ушлаш натижасида икки дунё саодатига эришади.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими