Инсон бу дунё ва охират саодатига эришиши учун ислом динини қабул қилиши керак бўлади. Ислом динига кириши учун Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, ўлимдан кейин қайта тирилишга, тақдирнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига ва қиёмат кунига иймон келтириши лозим. Иймон бу қалб билан тасдиқлаб, тил билан иқрор бўлишдир.
Иймон келтириш фарз бўлган нарсаларнинг тўртинчиси яъни, Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларга иймон келтириш ҳақида гаплашадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бандаларини тўғри йўлга бошлаш учун, уларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга олиб чиқиш учун дўзах азобидан огоҳлантирувчи ва жаннат билан хушхабар берувчи Росулларини юборди. Мўмин банда Аллоҳ таоло юборган барча пайғамбарларга иймон келтириши фарзи айн бўлади.
Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида марҳамат қилади: “Пайғамбар унга ўз Роббисидан туширилган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ҳамма-ҳамма иймон келтирди. Унинг Пайғамбарларининг бирорталарини ажратмаймиз. Ва: “Эшитдик ва итоат қилдик, (эй Роббимиз), мағфиратингни сўраймиз ва қайтиб бориш Сенгадир”, дедилар.” [Бақара сураси: 285]
Яна, Аллоҳ таоло айтади:
{ وَلَقَدۡ أَرۡسَلۡنَا رُسُلا مِّن قَبۡلِكَ مِنۡهُم مَّن قَصَصۡنَا عَلَیۡكَ وَمِنۡهُم مَّن لَّمۡ نَقۡصُصۡ عَلَیۡكَ }
“Батаҳқиқ, Биз сендан олдин ҳам Пайғамбарлар юборганмиз. Улардан кимнингдир қиссасини сенга айтдик ва улардан кимнингдир қиссасини сенга айтмадик.” [Ғофир сураси: 78]
Юқоридаги оятлар Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг барчасига иймон келтириш фарз эканига далил бўлади. Иймон келтиришда пайғамбарларнинг сонини чеклаб қўймаймиз. Аллоҳ таолонинг “Улардан кимнингдир қиссасини сенга айтдик ва улардан кимнингдир қиссасини сенга айтмадик” деган сўзи пайғамбарларнинг сонини тайин қилмасдан, ҳаммаларига иймон келтириш фарз эканига далил бўлади. Пайғамбарларнинг сони зикр қилинган ҳадислар мутавотирлик даражасига етмаган, оҳод ҳадислар бўлиб, зонний илмни ифода этади ва юқоридаги оятга қувватда тенг келолмайди. Агар биз пайғамбарларнинг сонини чеклаб қўйсак, Аллоҳ биз тайин қилган сондан кўпроқ ёки озроқ Пайғамбар юборган бўлса, биз пайғамбарлардан бирортасига иймон келтирмаган бўлиб қоламиз ёки пайғамбар бўлмаган бирорта инсонни пайғамбар деб эътиқод қилган бўлиб қоламиз. Бу иш эса куфр саналади.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлида собитқадам қилсин.
Мирмахаматов Муҳаммад“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси